June 3, 2020

НАВОИЙДА ТАДБИРКОРГА 80 МЛН. СЎМЛИК ПУЛ МАБЛАҒИ УНДИРИБ БЕРИЛДИ

June 03, 2020

Навоий вилоятининг Кармана туманида қурувчилик фаолияти билан шуғилланадиган тадбиркорга туман адлия бўлими аралашуви орқали 80 млн. сўмлик пул маблағи ундириб берилди. Тадбиркор таълим муассасаларидан бирида амалга оширган қурилиш таъмирлаш ишлари эвазига тўланадиган сумма берилмаганидан норози бўлиб 3 йил давомида тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб келган. Аммо унинг сўрови эътибордан четда қолдирилган. Қурувчи ташкилот эгасининг жорий йил Кармана тумани адлия бўлимига ёзма мурожаатидан сўнг, ҳолат ўрганиб чиқилди. Кармана туман адлия бўлим бошлиғи Пўлат Худойбердиевнинг маълумотига кўра, 2017-йилда “Karmana Best Building” МЧЖ раҳбари И.Гафаров Кармана тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби бош ҳисобчиси Т.Ҳамроев билан БЎСМ биносини таъмирлаш бўйича оғзаки битм тузади. Шу тариқа жамият томонидан қурилиш монтаж ишлари бошлаб юборилиб, жараён 2017-2018 йиллар давомида амалга оширилади.

- Бинода таъмирлаш тўлиқ якунлангандан кейин ҳам қурилиш таъмирлаш ишлари сметаси пайсалга солингани учун белгиланган сумма қурувчи ташкилотга қайтарилмаган. Ҳолат бўйича жавобгар томонидан олинган тушунтириш хатида ҳам мазкур маълумот ўз тасдиғини топди-дейди П.Худойбердиев.

Мутахассислар БЎСМ биносида олиб борилган таъмирлаш ишлари қийматини қайта баҳолагандан сўнг, адлия бўлими томонидан белгиланган суммани ундириш мақсадида Кармана туманлараро Иқтисодий судига даъво аризаси киритилди ва иш тадбиркор фойдасига ҳал этиб берилди.