Республика махсус комиссиясининг қарори: карантин чоралари юмшатилишда давом этмоқда
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг АХБОРОТИ
Жорий йилнинг 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда карантин талабларини юмшатишни босқичма-босқич давом эттириш орқали иқтисодий фаолликни тиклаш ҳамда аҳолининг ишлаши ва даромад олишини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Хусусан, “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги қайд этилди.
Шу билан бир қаторда видеоселектор йиғилишда баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юриши ҳолатлари кузатилаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммани ҳушёр бўлишга чақиради.
Шу муносабат билан Республика махсус комиссиясининг жорий йил 14 майдаги қарори билан амалдаги карантин талаблари 2020 йил 1 июнга қадар узайтирилди.
Шу билан бирга 2020 йил 15 майдан бошлаб қуйидаги фаолият турларига ҳам рухсат берилмоқда:
а) “қизил” тоифадаги ҳудудларда:
- якка тартибдаги ҳунармандчилик;
- автомобилларга ва қишлоқ хўжалик машиналарига техник хизмат кўрсатиш;
- электрон қурилмаларни (компьютер ва маиший техника воситалари) ва алоқа воситаларини таъмирлаш;
- ижара ва лизинг хизматлари;
- бухгалтерия соҳасига оид хизматлар (аудиторлик, солиқ маслаҳати ва бошқалар) кўрсатиш;
б) “сариқ” тоифадаги ҳудудларда “қизил” тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:
- риэлторлик фаолияти;
- реклама ва маркетинг фаолияти;
- хусусий бандлик агентликлари фаолияти;
- меҳмонхоналарга ўз ошхоналарида овқат пишириш ҳамда хоналарга етказиб бериш;
- парк ва истироҳат боғлари (аттракционалар, кўнгилочар объектлар ҳамда тезкор овқат тайёрлаш нуқталари фаолияти бундан мустасно) фаолияти. Бунда парк ва истироҳат боғларига кириш карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда соат 09-00 дан 20-00 га қадар 2 нафар шахсдан кўп бўлмаган гуруҳларда (оилавий гуруҳлар бундан мустасно) амалга оширилади;
в) “яшил” тоифадаги ҳудудларда “сариқ” ва “қизил” тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:
- очиқ сунъий қопламали спорт ўйингохлари (ташриф буюрувчилар сонини чеклаш шарти билан, ечиниш ва ювиниш хоналаридан фойдаланмаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);
- компьютер (сканер, нусха кўчириш, матн териш, чоп этиш) ва полиграфия хизматлари;
- музейлар фаолияти (ташриф буюрувчилар сонини чеклаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);
- ветеринария хизматлари;
- биноларга хизмат кўрсатиш ва ландшафтни ободонлаштириш фаолияти.
Шунингдек 2020 йил 18 май кунидан бошлаб қуйидагиларга рухсат берилади:
- Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни (бориш ва қайтиш) тиклаш;
- Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатновини (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйиш.
Шу билан бирга авиа ва темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.
Республика махсус комиссияси томонидан Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Мазкур Вақтинчалик тартиб талабларини бузиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Шунингдек, шахсий автомобилларнинг ҳаракати бўйича чекловларни 2020 йил 18 майдан бошлаб босқичма-босқич бекор қилиш юзасидан қуйидаги тартиб жорий этилмоқда:
- “яшил” тоифадаги ҳудудларда – Республика махсус комиссияси йиғилишининг 2020 йил 6 майдаги 21-сон баёни билан автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилган;
- “сариқ” тоифадаги ҳудудларда соат 06.00дан – 22.00 га қадар бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилсин. Бунда автотранспорт воситаларининг салонида 4 кишидан ортиқ бўлмаслиги лозим;
- “қизил” тоифадаги ҳудудларда автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан – 10.00 гача, 17.00 дан – 20.00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.