Карантинда ошаётган валюта курси: таҳлил ва натижа
Охирги кунларда доллар курси сезиларли ошмоқда. Бунинг сабаби нимада?
Миллий валюта курсининг ўзгариши талаб ва таклифнинг ички ва ташқи омиллари таъсирида, биринчи навбатда, жорий операциялар ҳисобварағи ўзгариши асосида шаклланади.
Сўнгги ойларда асосий ташқи савдо ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли даражада қадрсизланиши ҳамда коронавирус пандемиясига қарши кўрилаётган чоралар натижасида трансчегаравий пул ўтказмаларнинг маълум бир даражада пасайиши кузатилмоқда. Ушбу омиллар таъсирида ички валюта бозорида апрель ойида сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан алмашув курси тебранувчанлигининг ошиши ва маълум даражада қадрсизланиши кузатиляпти.
Ҳозирги кунда нафақат бизда, шунингдек, балки бизнинг асосий ташқи савдо ҳамкорларимизда девальвация жараёнлари кузатилмоқда. Албатта, бу ҳолат бизга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Масалан, Хитойда коронавирусни кенг тарқалиши оқибатида юзага келган пандемия туфайли Хитой иқтисодиётида ҳаракатсизлик кузатилди, яъни иқтисодий жараёнлар пасайиш тенденциясига эга бўлди. Бунинг натижасида, Хитойнинг ёқилғига бўлган талаби кескин камайиши оқибатида нефть-газ маҳсулотларини импортини сезиларли даражада қисқартиришига сабаб бўлди.
Бунинг натижасида, занжирли реакция оқибатида нефть-газ хомашёларининг нархи тушди, хусусан, нефтнинг нархи кескин пасайди, газ импортининг ҳажми тушди, оқибатда унинг ҳам нархи пасайиши кузатилди. Ўзбекистоннинг ташқи савдосига газ экспортининг пасайганлиги, ташқи савдода экспортнинг сезиларсиз бўлса-да, пасайишига сабаб бўлди. Шунингдек, тўлов балансини халқаро трансферлар моддасида кескин камайиши кузатилди, сабаби, хорижда ишлаётган мигрантларимиз томонидан жўнатилаётган халқаро пул ўтказмаларининг сезиларли даражада пасайиши кузатилди. Тижорат банкларининг валюта позицияларида қисқа муддатли ликвидлилик муаммолари кузатилиши рўй берди. Лекин, энг яхши томони миллий валюта - “сўм” курсини ушлаш учун сунъий ҳаракат қилинмаяпти, бозор қонунларига мувофиқ девальвация кузатилмоқда.
Марказий банк “сўм” алмашув курсининг кескин қадрсизланиши эҳтимолини паст даражада баҳоламоқда. Дастлабки прогнозларга кўра, қисқа муддатли даврда “сўм" алмашув курси маълум бир кичик ўзгаришлардан кейин ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шаклланади. Шу билан бирга Марказий банк тижорат банклари кассаларида валюта айрбошлаш учун етарли миқдорда нақд хорижий валюталар мавжудлиги ва барча банкоматлар дезинфекция қилиниб келинмоқда.
Банкларнинг айирбошлаш шахобчалари одатдаги режимда ишламоқда ва нақд хорижий валютани сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чеклов ва тўсиқлар ўрнатилмаган.
Конимех туман адлия бўлими бошлиғи Э.И.Файзуллаев