ЎЗБЕКИСТОНДА ЮРИДИК ТАЪЛИМ ВА ФАНГА ИННОВАЦИОН ЁНДАШИШ - БУГУНГИ КУН ТАЛАБИДИР
Тарихдан маълумки, фуқаролик жамиятида ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш ва сифатли юридик хизматни йўлга қўйиш долзарб масала бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ҳуқуқий демократик давлат қуришимиз ҳамда эркин фуқаролик жамияти барпо этишимизда бевосита юридик таълим ва фан асосий механизмлардан бири бўлиб қолмоқда. Юридик таълим ва фан хусусида сўз юритар эканмиз, бу таълим қамрови фақат ҳуқуқшунослар билан чекланибгина қолмасдан, жамият барча аъзоларига тегишлидир.
Ижтимоий муносабатлар аслида ҳуқуқий мезонлар асосида шаклланиб боришини назарда тутадиган бўлсак, жамиятимизда юридик таълим ва фанни аҳамияти нақадар устуворлигига амин бўламиз. Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш ҳамда унга инновацион руҳ берган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилиниши бугунги даврнинг талабидир.
Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи устувор йўналиши “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари”да аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида олий таълим тизимининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро миқёсда танилиши ва рақобатбардошлигини таъминлаш каби устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг айни вақтда имзолангани бежиз эмас.
Мазкур Фармон мамлакатимизда миллий юридик таълимнинг самарадорлигини оширишга, юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни тайёрлашга, юридик фанни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган.
Аввало, миллий юридик таълим самарадорлиги хусусида сўнги йилларда бир қатор амалий ишлар амалга оширилаётгани кишиларимизда ҳуқуқий маданият юксалаётганидан далолат бермоқда. Мазкур фармон билан танишиб чиқарканмиз мақсад юридик таълим ва фанни такомиллаштириш негизида қонун устуворлигига эришиш чинакам ҳуқуқий давлат – янги Ўзбекистонни барпо этишдир. Бундай жамиятни ҳуқуқий маданиятли ҳар бир ҳатти-ҳаракати ҳуқуққа асосланган шахсларгина ташкил этиши барчамизга маълумдир.
Хусусан, мамлакатимизда ўтказилаётган демократик ва ҳуқуқий ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг юксак талаблари ва замонавий халқаро стандартларига жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида
2013 йилда Тошкент давлат юридик институти Тошкент давлат юридик университети этиб қайта ташкил этилган эди.
Юридик институт университетга айлантирилганидан сўнг, йиллар давомида юридик таълим сифатини оширишга қаратилган бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Чунончи, юридик ўқитиш тизимига биринчилардан бўлиб “модул” тизими жорий этилди ва йил сайин такомиллаштирилиб борилмоқда.
Аммо йиллар давомида бутун бир мамлакатда ягона юридик ОТМнинг фаолият юритиши юридик таълимда монополияни келтириб чиқарди. Барча соҳаларда бўлгани сингари, таълимда ҳам соғлом рақобат орқали сифатни ошириш мумкин. Таълим ҳам қолган соғалар сингари монополияни ёқтирмайди. Қолаверса, ҳуқуқшунос бўламан деган, ёшларимизнинг барчаси ушбу ОТМга ҳужжат топшириши, бу ерда қабул балларининг юқорилаб кетиши ва ҳаттоки коррупцион ҳолатларни ҳам келтириб чиқарди. Юридик Университетнинг ягоналиги унинг фаолияти, ҳамда у етиштирган кадрлар салоҳиятини солиштириш имкониятини бермади.
Мазкур фармон билан юридик таълимни ривожлантириш бўйича жуда кўп янгиликлар жорий этилиши режалаштирилган. Хусусан, Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар ташкил этилади. Фармонда юридик факультетлар очилиши юридик кадрлар тайёрлашда соғлом рақобатни вужудга келтирибгина қолмасдан жойларда маҳаллий ёшларни ўз воҳаларида юридик таълим олиш имкониятини ошириши ҳам аҳамиятлидир.
Сўнгги йилларда кичик юридик ҳодимлар тайёёрлашга, юридик хизматларни кучайтириш мақсадида ташкил этилган юридик коллежлар ҳам техникум даражасига ўтказилиши ҳамда мазкур юридик техникумларда ҳам 2020-2021 ўқув йилидан ўқитишнинг модул тизими жорий этилиши таълимга инновацион ёндашувлардан биридир.
Клиник юридик таълимни ривожлантириш йўли билан ўқув жараёни ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида узвий алоқани таминлаш юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлардан бири этиб булгиланган. Узоқ йиллар давомида мазкур узвийликка етарлича аҳамият берилмаслиги юқори малакали кадрлар тайёрлашда ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва ТДЮУда Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши, факултетнинг асосий ҳамкорлари сифатида Япония томонидан - Нагоя университети, Германия Федератив Республикаси томонидан - Регенсбург университети белгиланди. Мазкур белгилов замирида кундан - кун жаҳон ҳамжамияти билан фаол алоқалар олиб бораётган Ўзбекистонда ҳалқаро хусусий ҳуқуқ, шу жумладан ҳалқаро арбитраж ҳуқуқини чуқур ўрганиш, миллий ва япон, немис ҳуқуқи ҳамда бошқа ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқ тизимларини қиёсий таҳлил қилиш асосида юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш соҳасида айтиш мумкинки тамал тоши қўйилди.
Шунингдек, ушбу фармон билан қуйидагилар юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Жумладан, замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш, ўқитишнинг кредит-модуль тизимини ва талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш, ўқув жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳамда ўқув базасини модернизациялаш, клиник юридик таълимни ривожлантириш йўли билан ўқув жараёни ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида узвий алоқани таъминлаш, ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни, қўшма ҳуқуқий тадқиқотларни, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзаро алмашинувини фаоллаштириш, ахборот ҳуқуқий технологиялар ва тизимларни (Legal Tech) ишлаб чиққан ҳолда давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш, «Электрон университет» (E-University) тизимини жорий этган ҳолда очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратиш ва ТДЮУ ва юридик факультетларни халқаро тан олинган таълим муассасалари рейтингига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш орқали миллий юридик таълим рақобатбардошлигини ҳамда унинг халқаро ўрнини ошириш каби масалалар таъкидланган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, биринчидан, юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони юридик соҳани ислоҳ қилишнинг янги даврини бошлаб беришга замин яратди. Мазкур Фармон замирида келажакда жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкам ўрин эгаллайдиган юридик кадрлар етишиб чиқади десак адашмаган бўламиз.
Иккинчидан, ТДЮУ магистратурасига Давлат Тест Маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари асосида қабул қилиниши, базавий юридик маълумотга эга бўлган шахслар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурларини 2020/2021 ўқув йилидан жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони кўпгина ёшларимиз учун имкониятлар эшигини очиб беради.
Учинчидан, сўнгги 10 йилликни таҳлил қиладиган бўлсак, олий юридик маълумотга эга битирувчиларининг катта қисми асосан ҳуқуқ-тартибот органларида фаолият юритишни мақсад қилиб олди. Бу эса суд тизимида, олий ва ўрта-махсус таълим тизимида, нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолиятида ва юридик ташкилотларда ҳуқуқшунос кадрларнинг сезиларли равишда етишмаслигини келтириб чиқарди. Биргина мисол, ҳозирда Ўзбекистонда 4 мингга яқин адвокатлар орасида 70 нафардан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Ўзбекистонда 8250 нафар фуқарога 1 та адвокат тўғри келади. Бу кўрсаткич АҚШда 256 нафар, Италияда 260 нафар қўшни Қзозоғистонда 4000 нафар фуқарога тўғри келади. Одатда адвокатлар бир вақтннинг ўзида таълимда ўқитувчилик ва юридик ташкилотда ҳуқуқшунослик касбини ҳам амалга ошириб келади. ОТМ да ва юридик коллежларда эса олий маълумотли ҳуқуқшуносларнинг етишмаслиги ўрта бўғинда булғуси ҳуқуқшуносни тайёрлаш имкониятини камайтирмоқда.
Шунинг учун, юридик техникумларда узлуксиз камида 3 йил фаолият юритган ўқитувчиларининг ТДЮУ магистратурасига имтиҳонсиз қабул қилинишлари ва уларнинг келажакда камида 3 йил у ерда дарс бериш мажбуриятини олиши, ўрта-махсус юридик муассасасида кадрлар етишмаслигини олдини олишга қаратилган ақлли инновациядир.
Тўртинчидан, барча юридик таълим муассасаларининг кредит – модуль тизимига ўтиши таълим сифатини оширишга қаратилган инновациялардан биридир. Маълумки анаънавий таълим тизимида аудитория машғулотлари ўқув жараёнининг асосий қисмини ташкил этади. Таълим марказида ўқитувчининг билими ва ҳаракати туради. Кредит-модуль тизими эса ўқитувчиининг маълумот тарқатишнинг ягона манбаси ва дарс жараёнидаги гегемонлик ролини ўқувчи-талабага олиб беради. Талаба ўз устида кўпроқ ишлашга ва мустақил таълим олишга мажбур бўлиши рақобатбардош, эркин қикрли кадрларни етиштириб чиқаришга хизмат қилади.
Бешинчидан, сўнгги йилларда юридик фан билан фақатгина олий таълим профессор-ўқитувчилари ва айрим вақтларда ТИВ ҳодимлари ва адвокатлар шуғулланиши аниқ бўлиб улгурди. Юридик соҳадаги бўлғуси илмий ишни ва илмий грантларни хорижий ҳамкорлар билан биргаликда юридик кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини (double degree) амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш фармонда алоҳида кўрсатиб ўтилган. Бу эса нафақат миллий қонунчилигимиз балки, халқаро ҳуқуқий нормаларнинг ҳам тизимли таҳлил этилишига туртки беради.
Олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони мазмун моҳияти - юртимизда юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар ва инновациялар аниқ белгилаб берилган-ки, бу биз педагоглардан юксак маҳорат ҳамда ишимизга кучлироқ маъсулиятни талаб этади.
Навоий вилояти юридик
коллежи директорининг ўқув
ишлари бўйича биринчи ўринбосари У.Утамурадов