Адлия вазирлиги: ФҲДЁ органлари янги талаблар асосида ишлайди
2020 йилнинг 8 июнь куни Адлия вазирлиги онлайн режимда тезкор йиғилиш ўтказилди.
2020 йилнинг 8 июнь куни Адлия вазирлиги онлайн режимда тезкор йиғилиш ўтказилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда адлия органлари ва муассасалари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.
Мажлис Адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигида бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг 19 май куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, унга асосан вазирлик зиммасига юклатилган бир қатор қўшимча вазифа ва функцияларни амалга оширишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида алоҳида тўхталинди. Мазкур Фармонда белгиланган янги вазифалар ва функциялар адлия органлари ва муассасалари ходимларининг масъулиятини янада ошириши таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, соҳа олдида кўзда тутилаётган янги марралар белгиланиб олинди.
Шунингдек, йиғилишда 2020 йилнинг 1 апрелидан адлия тизимига ўтган ФҲДЁ органлари, ушбу орган фаолиятини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш борасидаги ишлар ҳам муҳокама этилди.
Маълумот ўрнида келтирамиз, бугунги кунда ФҲДЁ архивларида 60 миллиондан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари мавжуд, шундан 31,1 миллионтаси (яъни, 50% дан ортиғи) рақамлаштирилди.
Натижада: фуқароларга экстерриториал тамойил (пропискаси қаерда бўлишидан қатъий назар) асосида архив ҳужжатларини тақдим этиш тартиби жорий этилди ва фуқароларга архив ҳужжатлари билан боғлиқ маълумотларни 3 кунгача муддатда тақдим этишга эришилди (аввал 15 кун эди).
Йиғилишда режалаштирилган ишларни яна бири сифатида жойларда ФҲДЁ архивида барча турдаги (туғилганлик, никоҳ, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ва уларга киритилган ўзгартиришлари ҳақида) маълумотларни олишда мурожаатларни онлайн қабул қилиш ва жавоб бериш тартиби жорий этилиши айтилди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида аввало адлия органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашга, соҳа ходимлари томонидан аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишда очиқлик ва шаффофликка эътибор қаратилаётганини иштирокчилар таъқидлади..
Тизимда коррупцияни юзага келтирувчи асосий омиллар бўлган кадрлар танлашга нохолис ёндошув ва ходимларнинг етарли моддий таъминланмаганлиги каби камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрилиб келинаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, йиғилишда ФҲДЁ соҳасида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган муаммолар ҳам таҳлил этилди. Таъкидланишича, ушбу муаммолар соҳа ходимлари томонидан фуқароларга ҳуқукий хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, ойлик иш ҳақи даражаси ва моддий-техник таъминотнинг етарли эмаслиги, шунингдек, Давлат хизматлари агентлигининг айрим ҳудудий бошқармалари раҳбарлари ва ходимларининг ҳаракатларидан ФҲДЁ органлари ходимларининг норозилиги бўйича ҳам мурожаатлар мавжудлиги муҳокамалар пайтида гапирилди.
Бугунги кун ҳолатига кўра, соҳа бўйича жисмоний ва юридик шахслардан жами 211 та (156 та ариза, 50 та шикоят ва 5 та таклиф) мурожаатлар келиб тушган.
Шикоятлар ҳудуд бўйича таҳлил қилинганда фаолият юритаётган ФҲДЁ органлари устидан Тошкент шаҳридан 13 та, Тошкент вилояти 10 та, Самарқанд 9 та, Фарғона 3 та, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё вилоятларидан 2 тадан ҳамда Жиззах ва Сирдарёдан 1 тадан шикоятлар келиб тушган.
Йиғилишда мавжуд муаммолар танқидий таҳлил этилиб, адлия органлари каби ФҲДЁ органлари ҳам масъулиятни баравар ҳис қилган фаолият юритиши, қабул қилинган “Адлия қадриятлари” га тўла-тўкис амал қилиши лозимлигига урғу берилди.
Халқимизга тез ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш орқали уларни рози қилиш учун сидқи дилдан меҳнат қилишлари зарурлиги кун талаби, долзарб масалалардан бири эканлиги яна бир бор таъкидланди.
Йиғилиш давомида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, жумладан, ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг ойлик иш ҳақини ошириш, пуллик хизмат тушумларидан уларга устамалар белгилаш, зарур канцелярия моллари ҳамда бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаш ҳамда соҳани такомиллаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.