НАВОИЙ ВИЛОЯТ АДЛИЯ БОШҚАРМАСИДАН САРДОБАГА КЎМАК КАРВОНИ ЕТИБ КЕЛДИ
@huquqiytargibot, May 08, 2020
Бугун 8 май куни Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан Сардоба сув омборида юз берган офат натижасида жабр кўрганларга кўмаклашиш мақсадида Адлия вазирлигининг “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси доирасида тўпланган гуманитар юклар Сирдарё вилоятига етиб келди.
Хусусан, болалар ва катталар кийимлари, кўрпа-тўшак ва ёстиқлар, санитария-гигиена, гўшт ва озиқ-овқат, шунингдек, полиз маҳсулотлари олиб келинди.
- Сардоба фожеасида жабр кўрган аҳолимиз учун ташкил этилаётган хайрия акцияларида республиканинг барча ҳудудларидан, барча соҳаларда меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бундай савобли ишдан Навоий вилоят адлия бошқармаси ҳам четда қолмади. Бу озгина бўлса-да, бизнинг сирдарёлик ватандошларимизга чин кўнгилдан тайёрлаган туҳфаларимиз. Биз сиз билан ҳамиша қалбан биргамиз, - деди Навоий вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Музаффар Турдимов.
Навоий вилоят адлия бошқармасининг савобли ишга қўл урганидан биз ҳам юрагимиздан фахр туйғусини туйдик. Сирдарёда адлия ходимлари ҳам халқ билан бирга, вилоят юридик коллежида жойлашган 500 нафар сув тошқини бўлган ҳудудлардан кўчирма қилинганларга беминнат кўмак бериб далда бўлаётир. Жойларда туман(шаҳар) адлия бўлимлари вақтинча кўчирма қилинган фуқароларга маслаҳат бурчаклари ташкил этиб, ҳужжатларини тиклашда яқиндан ёрдам бермоқдалар.
Оғир дамда Адлия вазирлиги ва унинг тизимидаги Қорақалпоғистон ҳамда вилоятлар адлия бошқармалари биз билан бирга эканликларидан хурсандмиз.
Бугунги акцияда иштирок этган сахий ва саховатли Навоий вилоят адлия бошқармаси жамоасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Элдор Маҳкамов,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари