ҲАЙДОВЧИЛАР БЕЛГИЛАНГАН ТЕЗЛИКДАН ЮҚОРИ ҲАРАКАТЛАНИЛГАН БАРЧА ҲОЛЛАРДА ЖАРИМАГА ТОРТИЛАДИМИ?
Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тезлик меъёрлари белгиланган ва ҳайдовчилар мазкур тезлик чегарасидан ошмаган ҳолда ҳаракатланишлари зарур. Бу йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чоралардан биридир.
Мазкур тезлик чегараларига амал қилинишини маҳсус ускуналар “Радар”лар ёрдамида назорат қилинади. Аммо автотранспорт воситаларида ҳам ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган айрим техник камчиликлар кузатилиши мумкин. Қонунчиликда бундай ҳолатлар инобатга олинган, хусусан автотранспорт воситалари тезлигини ўлчаш ва ҳуқуқбузарлик учун маъмурий баённомалар расмийлаштиришда ҳам.
“Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 8-банди иккинчи ва учинчи қисмларига кўра тезликни ўлчайдиган ускуна рухсат этилган тезликдан соатига 5 километрдан ошиқ бўлганини кўрсатган тақдирда маъмурий баённома тузилади.
Юқоридаги талабга риоя этилмаган ҳолда расмийлаштирилган маъмурий баённома ДЙҲХХнинг маъмурий амалиёт инспектори томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.
Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, агар ҳайдовчи ҳаракат тезлиги соатига 50 км этиб белгиланган ҳудудда 5 км фарқ билан соатига 55 км тезликда ҳаракатланган бўлса унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Агар мазкур рухсат этилган фарқ инобатга олинмай маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳайдовчига жавобгарликка тортиш ҳақида қарор қабул қилинганлиги ва ҳайдовчи жарима тўлаши кераклиги тўғрисида ҳабарнома келса, ҳайдовчи мазкур қарор устидан юқори турувчи органга шикоят қилиши мумкин ва бундай қарорлар белгиланган тартибда бекор қилиниши зарур.
Уйчи туман адлия бўлими масъул ходими Нодирбек Хасанов