January 14, 2025

ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ

Нодиржон Абдулаҳатов

тарих фанлари доктори, Фарғона вилояти

педагогик маҳорат маркази профессори.

Буюк Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги вакили, хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммаднинг тўнғич фарзанди, мустақиллик учун фидокорона кураши, ажойиб саркардалик фаолияти, шахсий жасорати, Ватанга муҳаббати билан тарихдан муносиб ўрин олган давлат арбоби Султон Жалолиддин Мангуберди тўғрисида Муҳаммадан-Насавий қуйидаги таърифни келтирган эди:

Тақдир Жалолиддиннинг бошига не-не ташвишларни гирифтор қилмади: у йиқилди ва яна турди, қалбидаги умид учқуни сўнди, аммо бу учқун яна пайдо бўлди. Яратганнинг марҳамати билан бу учқун оловга айланди. У бу оловнинг куч-қудрати нималарга қодирлигини кўрсатди. Босқинлар остида топталган ва қулаётган давлатни асраб қолди, уни мамлакатга, ўзи эса улуғ ҳукмдорга айланди. Ўлим билан неча бор юзма-юз келди. Сизга маълумки, у ўз мақсадига эришиш йўлида ниҳоятда оғир синовлардан ўтди. Унинг ҳаётига назар ташласангиз тақдирнинг ғалати ўйинларини кўрасиз. Фақат қадимги афсоналардагина учрайдиган қандайдир мўъжизавий куч борлигини англайсиз. Унинг бошидан кечирган саргузаштлар ҳам адоқсиз, қўрқинчли, айни пайтда ғаройибдир. Бунинг учун унинг ўн бир йил давомида ўн тўрт марта оғир ва даҳшатли, ҳал қилувчи жангларга бошчилик қилганини эслашнинг ўзи кифоя! Шу вақт ичида у тақдир тақозосига кўра, гоҳ туркийлар мамлакатидан кетиб Ҳиндистоннинг чекка ўлкаларига бориб ҳукмронлик қилса, гоҳ Ҳиндистоннинг олис жойларидан ар-Рум мамлакатларининг марказига қайтиб келиб ҳукмдорлик қилишга улгурди. У гоҳида қудратли ҳукмдорга айланса, гоҳида ҳимоясиз ҳолда саргардон кезишга мажбур бўлди...

У буғдойранг, ўрта бўйли, туркий қиёфали ва туркийда гапирадиган одам эди. Шу билан бирга форсийда ҳам сўзлаша оларди. У мардлиги жасурлигига келсак, юқорида ҳикоя қилганим жанглардаги фаолиятини эслатиб ўтиш кифоя қилади. У шерлар орасида энг зўр шеър эди, қўрқмас чавандоз, лашкарлар орасида энг ботир эди. У ювош мулойим, одам эди, жаҳлдор эмасди. У ниҳоятда жиддий эди, кулмасди, фақат жилмайиб қўярди, кам гапирарди. У ҳақгўйликни, адолатни улуғларди, аммо у яшаган даврдаги ғалаёнлар, алғов-далғовлар феъл-атворини ўзгартирди. У қўл остидаги одамларнинг оғир ҳаётини енгиллаштиришни хоҳларди”.

Жалолиддин Мангуберди 1221–1231 йиллари мўғул босқинчиларига қарши мардонавор кураш олиб борди ва 1231 йили Курдистон тоғларида фожиали равишда ҳалок бўлди.

Нақл қилишларича, Жалолиддин Мангуберди билан Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинларининг Синд дарёси бўйидаги уч кунлик жанги шундай аёвсиз бўлганки, Ибн ал-Асирга кўра, бошқа жангларни унинг олдида болалар ўйини дейиш мумкин эди. Абул Фаражнинг айтишича, бу жангда қатнашган мўғул лашкари сони ҳисобсиз эди. Улар Жалолиддин Мангубердининг дарё бўйига борадиган йўлини тўсишга уринадилар. Бу уни аёвсиз жанг қилишга мажбур қилади. Чингизхон Жалолиддинни тириклай тутишни буюради. Мўғуллар унинг атрофини ўраб оладилар. Бироқ Жалолиддин Мангуберди бу халқани ёриб чиқади ва ўзини оти билан дарёга ташлайди. Чингизхон Жалолиддиннинг бу мардлигидан ҳайратга тушади ва ўғилларига бундай дейди: “Ҳақиқий ота ўғил мана шундай бўлиши керак! У шундай қирғин-барот жанг майдонидан ва дарё гирдобидан қутулиб ҳимоя қирғоғига чиқа олдими, демак, ундан яна ҳам кўп қаҳрамонликлар ва сон-саноқсиз ташвишлар кутиш мумкин”.

Айтишларича, Ал-Малик ал-Ашрафга Жалолиддин Мангубердининг ўлими ҳақида хабарни хурсандчилик билан етказишганида у бундай дейди: “ Сизлар мени унинг ўлими билан қутлаяпсизларми? Бироқ энди сизлар бунинг самарасидан баҳраманд бўласизлар. Оллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, унинг ҳалокати тотор(мўғул)ларнинг ислом мамлакатлари ерларини босиб олишларига йўл очиб беради. Энди Йаъжуж ва Маъжуж билан бизнинг ўртамизда девор бўлиб турадиган Хоразмшоҳдек инсон йўқ”.

Ҳукмдорнинг Жалолиддин Мангуберди ўлими борасидаги ўкинч билан айтган ушбу сўзлари нақадар аччиқ ҳақиқат эканлиги кўп ўтмай мўғулларни Ироқ ва Эрон сари қилган юришларида яққол намоён бўлди. Бинобарин, шу юришларнинг шоҳиди бўлган араб тарихчиси, Ибн ал-Асир (1160-1233) бу ҳақда: “Куну тунларда мисли кўрилмаган ва ҳамма ёқни, хусусан, мусулмонлар яратган бойликларни қамраб олган ғоят катта бир фалокат бўлди. Агар биров ҳамма нарсага қодир Оллоҳ одамни яратгандан буён, дунё бундай нарсани кўрмаган, деса ҳақ гапни айтган бўларди. Дарҳақиқат, йилномаларда бунга ўхшаш ва унга тенг келадиган бундай зўр фалокат бўлмаган. Уларда тасвирланган воқеалар ичида Навуходоносорнинг исроилийларни калтаклаши ва Қуддусни вайрон қилиш бобидаги қилмиши энг даҳшатлисидир. Бироқ бу лаънатилар (мўғуллар) вайрон қилган мамлакатлар олдида Қуддус нима бўлипти? Бу мамлакатлардаги ҳар бир шаҳар Қуддусга икки баробар келади! Мўғуллар қириб ташлаган одамларга қараганда исроилийлар нима бўлипти? Ахир, битта шаҳарда мўғуллар калтаклаган аҳоли барча исроилийлардан кўп бўлган. Улар ҳеч кимни аяшмади: аёлларни, эркакларни, гўдакларни шафқатсиз дўппослашди, ҳомиладорларнинг қорнини ёриб, болаларини ўлдиришди”, деб ёзган эди.