Одамларга назар сол...
Чарли Чаплиннинг қизига ёзган мактуби:"Одамларга назар сол! Бева ва етимларга эътибор бер! Ва кунига камида бир марта ўзинга-ўзинг айт: "Мен ҳам улар кабиман". Ҳа, қизим, сен улардан бирисан! Санъат, одамга қанот беришдан олдин, у жуссасини кўтара олсин дея, аввал оёқларини синдиради. Агар ўзингни оддий одамлардан юқори ҳисоблашни бошласанг, ўша куниёқ саҳнани тарк эт. Дарҳол таксига ўтиргину, Парижнинг бир четига бор. У ерда сен ўзингдан ҳам гўзалроқ, истеъдодлироқ ва ғурурлироқ кўплаб раққосларни кўрасан.У ерда театрингиз прожекторлари бўлмайди. Улар учун прожектор бу Ойдир. Яхшилаб қара қизим, яхшилаб қара! Улар сендан яхшироқ рақсга тушишмаяптими? Тан ол, қизим! Ҳар доим сендан яхшироқ рақс тушадиган, роль ижро эта биладиган одам бўлади! Ёдингда бўлсин: Чарли оиласида такси ҳайдовчисини қарғайдиган ёки Сена қирғоғида ўтирган тиланчининг устидан куладиган қўпол одам бўлмаган.Мен ўламан, лекин сен яшайсан. Мен ҳеч қачон қашшоқликни билмаслигингни хоҳлайман. Бу мактуб билан мен сенга чек дафтарчасини юборяпман, ундан истаганингча сарфлашинг мумкин. Аммо икки франк сарфлаганингда, учинчи франк сеники эмаслигини эслашни унутма. Учинчи франк унга эҳтиёжи бор кишиникидир. Бундай инсонларни осонликча топа оласан. Шунчаки, уларни учратишни чин қалбдан исташинг лозим.Мен сенга пул ҳақида гапиряпман, чунки мен унинг шайтоний кучини яхши биламан. Мен циркда кўп вақт ўтказдим. Ўшанда дарбозлардан жуда хавотирланардим. Аммо шуни айтишим керакки, ерда юрувчилар дарбозларга қараганда кўпроқ йиқилишади. Эҳтимол, бирор кечки овқат вақтида кимнингдир олмоси кўзингни қамаштирар. Айнан шу дақиқадан бошлаб у сен учун хавфли арқонга айланади ва қулашинг муқаррар бўлиб қолади. Балки бир кун келиб сени қандайдир шаҳзоданинг чиройли чеҳраси ўзига ром этар. Айнан шу куни сен тажрибасиз дарбозга айланасан ва тажрибасиз одамлар доимо қулашади. Қалбингни олтин ва гавҳарга сотма. Билингки, энг катта олмос қуёшдир. Яхшиямки, у ҳамма учун порлайди."