December 24, 2024

БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ

Нодиржон Абдулаҳатов

тарих фанлари доктори, Фарғона вилояти

педагогик маҳорат маркази профессори.

Ислом оламида (нафақат ислом оламида) донг таратган машҳур юртдошларимиздан бири – илми фиқҳ, яъни ислом ҳуқуқшунослиги илмининг энг забардаст алломаларидан бири “Бурҳониддин вал-милла” (яъни, ислом олами халқлари ва ислом динининг ҳужжати, далили, исботи дегани) номи ила шарафланган буюк фақиҳ Имом Абу-л-Ҳасан Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжамил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғинонийдир.

Бурҳониддин Марғиноний “ал-Ҳидоя” асарини ёзиш билан ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳиссасини қўшди. Бу китобнинг ёзилиши Бурҳониддин Марғинонийнинг нафақат фиқҳни яхши биладиган, балки унинг кенг илм соҳаларини қамраб олган қомусий олим эканидан дарак беради. Чунки у мазкур асарида мусулмон оламида машҳур олимлар, хусусан ҳанафий ва минтақада фаолият юритган фақиҳлар чиқарган фатволарни қиёсий ўрганиб, улардан ҳақиқатга яқинроқ ва амалда кўпроқ қўлланадиганларини ажратиб кўрсатиб берди.

Олим Фарғона диёрида туғилиб вояга етган бўлса-да, она юрти илмий салоҳиятини янада юксалтириш учун ўша даврнинг илмий марказларидан бўлган Самарқанд шаҳрида ўз таҳсилини давом эттирди. Бунда у кўплаб олимлар билан учрашди, илмий мунозараларда қатнашди.

Бурҳониддин Марғинонийнинг илмий мероси шу қадар шуҳрат қозондики, унинг “ал-Ҳидоя” асари кейинчалик шарҳланиб, унга мухтасарлар ёзилди ва бу бирламчи манба мадрасаларда ҳанафий фиқҳи бўйича ўқитиладиган асосий дарсликка айланди. Олим томонидан фиқҳга оид ёзилган “Бидоёт-ал-мубтадий” (“Қонунни ўрганишга кириш”), “Кифоят ул-Мунтаҳий” (“Якунловчилар учун тугал таълимот”) китоблари унинг шоҳ асари “ал-Ҳидоя”га асос бўлди. Мазкур китоб нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун ислом Шарқида бир неча тилларга таржима этилиб, маълум ва машҳур бўлиб кетди. Ундан асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича қўлланма сифатида фойдаланилган.

Бурҳониддин Марғиноний яна бир қанча асарлар ёзган. Хусусан, “Нашр ал-мазҳаб” (“Мазҳабнинг тарқалиши”), “Китоб-ат-тажнис ва-л-мазид” (“Фуқаролик ҳуқуқини тақдим этиш”), “Китоб ул-фароиз” (“Мерос ҳақида китоб”), “Мазид фи фуруъ ал-ҳанафий” (“Ҳанафий мазҳабига қўшимчалар”) номли китобларида ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, мулкчилик турли шакллари (давлат ва хусусий мулкчилик), молиявий фаолият, жиноят ва жазонинг ҳуқуқий асосларини, фуқаролик ҳуқуқи назарияси ва амалиёти, қозилик муассасалари таркиби, тартиби ва жиноий ишни кўриш масалаларини батафсил ёритиб берди.

Улуғ фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний (1123-1197) ҳақида Абдулҳай Лакнавий ўзининг “ал-Фавоид ул баҳиййа фи тарожим ил ҳанафиййа” асарида шундай ёзган эди:

“Бурҳониддин Марғиноний имом, фақиҳ, муҳаддис, Қуръон муфассири бўлиб, уни ёд билган олим, фанларни йиғиб туртибга солувчи, закий, тадқиқотчи, художўй ва покдомон инсон, улуғ фақиҳ, адабиётчи, шоир, фан ва адабиётда унинг тенги йўқ”.

Бурҳониддин Марғиноний суннийлардаги тўртта асосий мазҳаб асосчилари ва уларнинг шогирдлари яратган барча асарларни ўрганиб чиқиб, уларни мукаммал билибгина қолмасдан, унинг ўзи ҳам фиқҳга оид бир қатор фундаментал асарлар яратган. Унинг бизгача етиб келган асарларидан “Ал-Ҳидая фи шарҳ бидаят ал-мубтади”(Бошловчилар учун дастлабки таълим асарининг шарҳи – Тўғри йўлга бошловчи китоб), “Бидаят ал-мубтади” (Бошловчилар учун илк таълим), “Кифоят ал-мунтаҳий” (Якунловчилар учун тугал таълим), “Нашр ал-мазҳаб” (“Мазҳабнинг ёйилиши”), “Китаб ал-тажнис ва-л-мазид” (Ажратиш ва илмни зиёда қилиш китоби), “Манасик ал-ҳаж” (Ҳаж арконлари), “Китаб мажму ал-навазил” (Нозил бўлган нарсалар тўплами), “Китаб ал-фараид” (Мерос ҳақидаги китоб) сингари асарлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, бу зотнинг қаламига мансуб “Китоб ул-машойих” (Шайхлар ҳақидаги китоб) асарида ўзи таълим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломаларни санаб ўтган. Бу рўйхатда Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу ал-Асир ал-Бадавий, Абу Ёқуб ас-Саярий, Абу Исҳоқ ан-Навқадий ва Жаъфар ал-Ҳиндувонийларнинг номлари бор. Афсуски, бу манба тўғрисида биз бошқа манбалар воситачилигида биламиз, холос. Унда келтирилган маълумотлар эса ўша манбалар учун дастур бўлиб хизмат қилган.

Олим бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асарини ҳижрий 573 (милодий 1178) йилда Самарқандда ёзиб тугатди. Бу асарни ёзилиши билан боғлиқ ривоятлар халқ орасида ҳозиргача сақланиб қолган. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг келтиришича, Бурҳониддин Марғиноний ўзининг “Бидоят-ал-мунтаҳий” асарининг сўз бошида “Ҳидоя”нинг яратилиши тўғрисида шундай ёзган эди:

“Ироққа сафар қилганимда, “Ал-Мухтасар ал-Қудурий” (“Қудурий қисқартмаси”) ни кўрдим. У фиқҳ бобида ажойиб асар эди. Бу пайтда каттаю-кичик, барча “Жомеъ ус-Сағир” (“Кичик тўплам”) дан фойдаланган эди. Шунда фиқҳга оид барча асарларни жамлаб, улардан энг зарур масалаларни олдим ва бу асарга “Бидоят ал-мунтаҳий” деб ном бердим. Кейинчалик ушбу асарга шарҳ ёзиб, уни “Кифоят ул-мунтаҳий” деб номладим”.

Кейинроқ бу асарнинг ҳам ҳажми катталик қилиб, янада мўъжаз бўлган, бутун ислом оламида ҳанафия мазҳабининг фиқҳ масалаларида асосий қўлланмасига айланган Ҳидоя асари яратилди. Мазкур асарни ҳанафия мазҳабидан тутган ўрни тўғрисида аллома Ҳаддод қуйидаги таърифни беради: “Ҳидоя” ҳам Қуръон сингари ўзидан илгари ёзилган китобларни( фиқҳшунослик бўйича) эътибордан қолдирди”. Шомлик алломалардан бири “Ҳидоя”ни ўқиб чиқиб, “Ажабо! Ўзи ажамлик бўлса, бу гапларни қаердан топдийкин?! Биз араб бўла туриб, бу гапларни билмаймиз”,– деб ҳайратланган эди. “Ҳидоя” китоби хусусида Бурҳониддиннинг ўғилларидан бири Имомиддин қуйидаги арабча байт битган бўлиб, бу байтнинг мазмуни шундай:

“Ҳидоя китоби ҳидоят йўлига етаклайди ва ожизлар йўлини ёритади, Шундай экан уни лозим деб бил, уни ёдлаб ол, эй ақл эгаси, кимки уни ўзлаштирса, энг олий мақсадга эришган бўлади”.

Бурҳониддин Марғинонийни дунёга танитган асар “ал-Ҳидоя” эканлигини яхши биламиз. Бинобарин, “ал-Ҳидоя” ислом ҳуқуқшунослигининг энг асосий қўлланмаларидан биридир. Бу асарда дастлабки фиқҳ олимларининг яратган энг йирик асарларидаги бош ғоя ва мазмун жамланган. Шу боис ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу тўғрида ёзар экан: “Яна соҳиби”Ҳидоя”ким, Имом Абу Ҳанифа мазҳабида “Ҳидоя”дин муътабарроқ китоби фиқҳ кам бўлғай, Фарғонанинг Марғинон отлиқ вилоятидандур, ул ҳам дохили Мовароуннаҳрдур” – дейди.

Ёзма адабиётларда Бурҳониддин Марғиноний ислом тарихида “Хулафои рошидин” (“тўғри йўлдан борувчи халифалар”), Мовароуннаҳрда чорёрлар деб аталган дастлабки тўрт халифадан биринчиси (632-634), Муҳаммад (с.а.в.)нинг қайинотаси, йирик савдогар, Макканнинг Қурайш қабиласидан бўлган Абу Бакр Сиддиқ Абдуллоҳ ибн Абу Қаҳҳоқа ибн Омирнинг (571/572-634) авлоди, яъни “Сиддиқий” эканлиги таъкидланади. Бу ҳақда Давлатшоҳ Самарқандий “Самарқанд улуғларининг насаби Абу Бакр Сиддиққа... уланади” деган маълумотни келтирса, “Қандия” китобида “Оллоҳнинг аҳли (Аҳлуллоҳ) орасинда уч азиз бузургвор машҳурдирлар. Биринчиси – Султон Бурҳониддин ибни шайх Аллоиддин Соғарчи. Иккинчиси – Сайид Бурҳониддин Қилич бўлиб, ул зот Имом Абдулло авлодидандурлар ва Даҳбед хожалари ул зотнинг наслидандурлар. Учинчиси: – “Ҳидоя”нинг соҳиби Имом Бурҳониддин Сиддиқи бўлиб, ул зотнинг қабрлари Чокардиза мозоридадир ва Хулоку ул зотнинг наздида мусулмон бўлгандур” деган маълумотларни кўриш мумкин.