December 28, 2024

СИРПЎШ ОТА ЗИЁРАТГОҲИ

Нодиржон Абдулаҳатов, тарих фанлари доктори, Фарғона вилояти

педагогик маҳорат маркази профессори.

Сирпўш ота зиёратгоҳи Фарғона шаҳрининг Бешбола қабристонида жойлашган. Нақл қилишларича бу ерга кўмилган авлиё доим одамларнинг сирларини яшириб бировга айтмаганлиги учун шу номни олган экан. Аввало Сирпўш ота ким деган саволга шу ердаги мутасаддилардан баъзи бир маълумотларни олгач, Сирпўш ота мақбарасининг ён томонидаги бўш майдон билан қизиқдик. Маълум бўлишича, бу ер ўтган асрнинг 20-30-йилларида қатағонлик сиёсатининг ўлим тегирмонига учраб, кафансиз, киши билмас тарзда кўмиб юборилган юзлаб ҳамюртлармизнинг қабристони экан.

Булардан бири ҳазрат Шайх Муҳиддин домла бўлади. Шайх Муҳиддин домла 1856 йилда Марғилоннинг Тошмозор даҳаси Келачи маҳалласида усталар оиласида таваллуд топган. Оталари мулла Усмон масжид-мадрасалар пойдеворига ғишт териб берадиган уста бўлган.

Шайх Муҳиддин аввалига Пур Сиддиқ масжидида, кейин эса, Келачи масжидида имомлик қилганлар. Пур Сиддиқда турган кезлари дуо билан анҳор сувини тўхтатган экақнлар. Шу воқеадин кейин халқ у зотни “шайх” деб, атай бошлаган. 1942 йилда чақув туфайли қамалиб, саккиз йилга кесиладилар. Сарт аравага китобларини юклаб, устига ўтказиб, олибкетишган. Саид Аҳмадхўжа мадрасасига олиб бориб, у ерда бир муддат ушлаб туриб, сўнгра Фарғона шаҳар қамоқхонасига олиб кетишган.

Турмада дуо қилганларида қамоқхона эшиклари очилади, ташқарига чиқиб, таҳорат оладилар. Посбонлар буни кўриб, қўрқиб кетишади. Турма бошлиғи домлага “Мени илмим йўқ, масжидда имомлик қилмаганман” деб, ёзиб беринг, сизни қўйиб юборамиз, дейди. Домла, “Ахир мени орқамда юзлаб одамлар намоз ўқиган, қандай қилиб ёлғон гапираман”, – дейдилар. Саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Шайх Муҳиддин домланинг сурати.

Шайх Муҳиддин домла қамоқда бир йилдан кейин 87 ёшда вафот этади. Жанозаларини қабристон қоровули ўқиб, қамоқхона олдидаги Сирпўш ота қабристонига дафн қилади.

Бу қабристонга Фарғона шаҳрида яшаган кўпгина таниқли олимлар ҳам дафн этилган. Ҳозирги кунга қадар Фарғона водийси аҳолиси орасида Рўпўш ёки Сирпўш номи билан аталувчи зиёратгоҳларни пайдо бўлиши тўғрисида ривоятлар сақланиб қолган. Ушбу ривоятларда нақл қилинишича, агарда айтилса эгасига шармандалик келтирувчи сирларни беркитганлиги учун авлиёларга Сирпўш номи берилган, дунёвий хирслардан юз ўгирган зотлар эса Рўпўш ота лақаби билан эъзозлаб келинган.Зиёратгоҳ тарихи бўйича ҳозирда алоҳида тадқиқот олиб бормоқдамиз. Келгусида бу ҳақда батафсил маълумот келтириб ўтамиз.