Мўғулларнинг адолатли жазоси
Мўғуллар ҳар қанча ёвуз бўлмасин, ўзларига яраша адолатли эди. Ўша адолатлари туфайли ҳам улар то Мисрга боргунларича мағлубият нималигини билишмади...
Бир куни бир мўғул уйининг томига чиққанида, мусулмон қўшнисининг қўйни бўғзидан сўяётганини кўриб қолади. Шу заҳоти бу жиноят ҳақида ҳокимларга хабар беради. Чунки мўғул қонунига кўра қўйни бўйнидан эмас, қорнидан сўйиш шарт бўлган. Бўғзидан бўғизлаган одам жазоланган...
Ҳалиги мусулмон маҳкамага олиб келинади. Савол-жавоб қилинади. Ўша ерда ҳозир турган гувоҳ, яъни мўғул киши қўшнисининг қўйни бўйнидан сўяётганини томдан туриб кўрганини айтади. Воқеанинг энг қизиқ жойи шундаки, ҳолатни таҳлил қилган қози мусулмонни эмас, айнан унинг ўзини – миллатдоши бўлган мўғулни жазога тортади. Нега? Чунки уларда адолат бор эди. Тарих энг ёввойи деб биладиган халқда қонун ҳаммага бир хил эди. Оқнинг қорадан, бойнинг камбағалдан, ҳокимнинг фуқародан, ғолибнинг мағлубдан устунлик жойи йўқ эди. Шунинг учун ҳам улар жуда-а узоққа боришган-да...
Энди воқеанинг сирини очай. Мўғул қонунларида томдан туриб қўшнининг уйига қараш ҳам жиноят саналган. Томдан қўшнисининг уйига қараган одамнинг жазоси кўзини ўйиб олиш бўлган. Ва ўша мўғул жинояти учун худди шу жазо билан жазоланган...
Ҳар қандай юртда қонун биров учун ишлаб, бошқа учун ишламас экан, таназзул ва парокандаликка юз тутиб бошлайди. Ривожланиш, маданият, бирдамлик, меҳр-оқибат... каби фазилатлар ҳам Жаноб Адолатнинг ортидан “этак силкиши” тайин...