Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 13 октябрдаги ПҚ-4862-сон қарорининг 3-бандига мувофиқ 2020 йил 15 ноябрдан бошлаб ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади;
касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари курсларини муваффақиятли тамомлаб, уларнинг сертификатини (кейинги ўринларда — махсус сертификат) олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади.
Бунда кредитлар мазкур қарорнинг 5-бандига мувофиқ «Микрокредитбанк» АТБ ва АТ Халқ банки томонидан нодавлат таълим ташкилотлари махсус сертификатини олган:
тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;
кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.
Бунда, микрокредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ҳоким ёрдамчисининг ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилаётган (жойлашган) қарз олувчига берадиган тавсияси асосида, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки) учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги қарори асосида йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади.