February 27, 2020

ТАДБИРКОР – СУД ҲИМОЯСИДА

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни амалда кутилган самараларни бермоқда. Иқтисодий судларнинг иш фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга оширишда, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилмоқда.

Жумладан, Навоий вилояти иқтисодий судлари томонидан 2019 йилда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилган 905 та низолар кўрилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Тадбиркорлар томонидан тақдим этилган 382 та даъво аризалар қаноатлантирилиб, уларнинг фойдасига 54 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз киритилган даъво аризаларнинг 523 таси қаноатлантириш рад этилиб, уларнинг ҳуқуқлари бузилиши олди олинди.

“Navoiy KOR” масъулияти чекланган жамиятига (тарафларнинг номи ўзгартирилган) шаҳар ҳокимининг қарори билан иссиқхона қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган 2 га ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинган ва бу тўғрисида ҳокимнинг қарори қабул қилиниб, унга кўра қурилиш ишлари амалга оширилаётган ва бузилишга тушган ушбу ҳудуддаги мавжуд тадбиркорлик субъектларига тегишли мулкларга етказилган зарар учун компенсация тўловлари ушбу ер майдони ажратилган “Navoiy AT” корхонаси томонидан амалга оширилиши белгиланган. Тадбиркорга тегишли мулклар баҳоловчи корхона томонидан
4 млрд. сўмга баҳолаб берилади. Бирок, тадбиркорнинг мулклари бузилишига қарамасдан етказилган зарарлар қоплаб берилмаганлиги сабабли вилоят адлия бошқармаси тадбиркорлик субъекти манфаатида иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат этиб, “Navoiy AT” корхонасидан 3,2 млрд. сўм миқдоридаги компенсация тўловини ундириб беришни сўраган.

Биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриб чиқиб, суд баҳолаш экспертизаси хулосасига асосан тадбиркорга тегишли бўлган умумий майдонидаги объектларининг экспертиза ўтказилган кундаги ҳақиқий бозор баҳосини инобатга олиб, тўланмасдан қолган 3,2 млрд. сўм миқдоридаги компенсация тўловини тадбиркор фойдасига ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Бундан норози бўлган жавобгар ҳал қилув қарорида ундирилиши белгиланган компенсация тўловининг бир қисми асоссиз эканлигини билдирган ҳолда уни бекор қилиш тўғрисида кассация шикояти билан мурожаат этди.

Жавобгарнинг кассация шикояти Навоий вилоят иқтисодий судининг кассация инстанциясининг янги таъсис этилган судьяларнинг махсус кийими – мантия кийиб ўтказилган суд мажлисида кўрилиб, судлов ҳайъати томонидан тадбиркорнинг ҳақ эканлиги яна бир бор исботланиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Бу эса, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлигини, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг сўзсиз бажарилиши, мулк ва бошқа мулкий ҳуқуқлар бузилишига йўл қўйилмаслиги тамойилларига қатъий риоя қилинишини таъминлашга қаратилган вазифалардан биридир.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”

Навоий вилоят иқтисодий суди