June 18, 2020

НИЗОЛАРНИ СУДГАЧА ҲАЛ ҚИЛИШ

Суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни амалда кутилган самараларни бермоқда. Иқтисодий судларнинг иш фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга оширишда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилмоқда.

Жумладан, Навоий вилояти иқтисодий судлари томонидан 2020 йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида жами 857 та иқтисодий иш мазмунан ҳал этилиб, шундан 212 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиши натижасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларнинг бартараф этилишиҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган.

Мазкур кўрилган ишлар асосида даъвогарлар фойдасига жами 196.986,8 миллион сўм маблағларни ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилиниб, мазкур маблағларнинг 15.557,6 миллион сўмлик қисми бевосита тадбиркорлик фаолияти субъектларининг фойдасига ундирилган.

Ишларни кўриб чиқиш натижаси бўйича жами 9.066,2 миллион сўм давлат божи суммаси тегишли тартибда республика бюджети, суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига ёки даъвогарлар фойдасига ундириб берилган.

Кўрилган ишларнинг 648 таси ёки 75,6 фоизи фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низоларни, 203 таси ёки 23,7 фоизи маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низоларни ташкил қилади.

Мазкур ишларни кўриш жараёнида, энг эътиборли жиҳатлардан бири шундан иборат бўлмоқдаки, кўпчилик ҳолатларда тарафлар ўртасидаги низолар қарздор корхоналар, хусусан, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан олинган мажбуриятнинг ўз вақтида бажарилмаслиги натижасида юзага келмоқда.

Даъвогарлар, жумладан, тадбиркорларнинг низони судгача ҳал қилиш мақсадида бир неча маротаба юборган огоҳлантириш хатлари эса аксарият ҳолатларда давлат муассасалари томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда ёки амалда низони судгача ҳал этиш имкони бўлсада, билдирилган талабнингўз вақтида ҳал қилинишига юзаки қаралмоқда.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг иқтисодий судга тақдим қилган даъво аризалари қаноатлантирилиши оқибатида давлат бюджети учун кўзда тутилмаган харажатлар, хусусан неустойка (пеня, жарима), фоиз, давлат божитўловлари бюджет маблағлари ҳисобидан даъвогарлар фойдасига тўлаб берилмоқда.Суд амалиётидакўришимиз мумкинки,аксарият ҳолатларда мазкур низолар пудрат, маҳсулот етказиб бериш ва олди-сотди каби шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқмоқда.

Тақдим қилинган талабноманинг тегишли тартибда кўриб чиқилиши жараёнида унда келтирилган асос ва важлар ҳақиқатда ўз тасдиғини топадиган бўлса, кредиторнинг талабларини ўз вақтида бартараф этиш, низони судгача ҳал қилинишига олиб келади.

Бу эсадавлат бюджети маблағларининг тежалишига, тадбиркорларнинг ортиқча сарсон бўлмаслигига, шартнома интизомини ўз вақтида таъминланишига, давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишига сабаб бўлади. Бунинг учун, авваламбор, ҳар бир давлат хизматчиси, айниқса раҳбар, давлат мулкига ўзиники каби эҳтиёткорона муносабатда бўлиши ва бюджет маблағларининг кўзда тутилмаган ва ортиқча харажатлардан асраши мақсадга мувофиқдир.

Мисол учун, даъвогарнинг жавобгар бюджетдан маблағ олувчи ташкилотга нисбатан 264.106.647 сўм асосий қарз ва 22.268.084 сўм пеняни ундириш тўғрисидаги даъво аризасинингиқтисодий суд муҳокамасида кўрилиши жараёнида даъво талаблариасосли деб топилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 264.106.647 сўм асосий қарз, 500.000 сўм пеня, олдиндан тўланган 5.727.495 сўм давлат божи ва 16.218 сўм почта харажатлари ундирилган. Мазкур иш ҳолатларидан ҳам кўришимиз мумкинки, бюджетдан маблағ олувчи ташкилот ва бунга масъул идоралар томонидан низо судгача ҳал этилмаганлиги ва ҳал этиш чоралари кўрилмаганлиги бюджет муассасаси томонидан 500.000 сўм пеня, олдиндан тўланган 5.727.495 сўм давлат божи ва 16.218 сўм почта харажатлари каби жами 6.243.713 сўм кўзда тутилмаган харажат қилинишига сабаб бўлди. Ваҳоланки, даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилгунига қадар, ойлар давомида жавобгар бюджетдан маблағ олувчи муассасани қарздорликни тўлаб бериш юзасидан ёзма равишда огоҳлантириб келган. Суд амалиётида бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Юқорида қайд этилган салбий ҳолатларни олдини олишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 июндаги “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4754-сон Қарори қабул қилинганлигимуҳим аҳамиятга эга бўлиб ҳисобланади деб уйлайман.

Чунки, мазкур қарорда 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида Давлат божхона қўмитаси, Давергеодезкадастр, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилиши, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Шу билан биргаликда, ушбу қарорда, мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмаслиги ҳам қайд этилган ҳамда жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш Апелляция кенгашининг вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Бундан ташқари, қарорга кўра, Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан 2,5 йил муддатга тасдиқланади. Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин. Апелляция кенгаши унда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса 3 кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади. Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин.Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида 3 кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.

Уйлайманки, келгусида Апелляция кенгашининг низоларни судгача ҳал қилишдаги самарали фаолияти натижасида давлат ташкилотлари ва муассасаларининг бажарилмаган шартномавий мажбуриятлари ўз вақтида амалга оширилиб, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилиши олди олиниб, уларнинг турли кўринишдаги оворагарчилигига чек қўйилади ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар сабабли тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун янада қулай ишбилармонлик муҳити яратилиши таъминланади.

Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси

Ш.Ғофуров