September 25, 2020

Ногиронларга яратилган имконият ва имтиёзлардан хабардормисиз...?

Қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлари мол-мулк, ер, ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича даромад солиғидан озод қилинган;

- шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга оид нормалар ҳам мавжуд. Унга кўра ходимлар сони 20 (йигирма) кишидан ортиқ бўлган корхоналар ва ташкилотларда ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сони тегишли ҳокимлик қарорига асосан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун захирада ушлаб турилади;

- ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан бепул таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган имтиёзли шахслар рўйхатига киритилган;

- муҳтож ногиронлар реабилитация техник воситаларини ўз маблағлари ҳисобига сотиб олган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда компенсация тўланади;

- банклар томонидан болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганларга фоизсиз таълим кредитлари берилади;

- меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги туфайли I ва II гуруҳ ногиронлари, I ва II гуруҳ болаликдан ногиронларга автомобиль бензини сотиб олишга харажатларнинг бир қисми учун ойлик пул компенсацияси тўланади;

- ҳар ойда маълум миқордаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари билан бепул таъминланади;

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга маъмурий қамоққа олиш чораси қўлланилиши мумкин эмас;

- I ва II гуруҳ ногиронларига таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади;

Тиббиёт соҳасида бериладиган айрим имтиёзлар:

- барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида бепул даволанади;

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади;

- вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида бепул ёрдам олиш ҳуқуқига эга;

- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларига бепул йўлланмалар олиш ҳуқуқига эга;

- хусусий тиббиёт муассасаларида (стоматология ва косметология хизматлари кўрсатувчи муассасалар бундан мустасно) бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга;

Оққўрғон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

Бекназар Жураев