Хорижий давлатларда юридик хизмат фаолияти
Мамлакатимизда юридик хизмат фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда хорижий давлатларнинг юридик хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, уларнинг тизими, фаолияти ва ҳуқуқий мақомини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Юридик хизматдан давлат ва жамият ҳаётида унумли фойдаланиш ривожланган давлатлар ҳамда бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга интилаётган бошқа мамлакатларда йўлга қўйилган. Бироқ бу борадаги қонунчиликнинг ривожланиши ҳар бир мамлакат бошқарув ва тузилиш шаклининг ўзига хослиги, эркин бозор муносабатларининг нечоғлиқ йўлга қўйилганлиги, қонун ижодкорлиги жараёни ва уни қўллаш механизмларининг ҳолатига асосланади.
Қуйида РФ, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Германия каби давлатларнинг юридик хизмат фаолиятининг ҳуқуқий асослари, унинг тизими, ҳуқуқ ва вазифаларини илмий таҳлил қилиш мумкин.
Россия Федерациясида юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг локал ҳужжатлари билан белгиланган. Россия Федерацияси Конституциясининг 48-моддасида «Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда белгиланган ҳолларда эса юридик ёрдам кўрсатиш бепул амалга оширилади» деб қайд қилинган бўлиб, мазкур норма юридик хизматнинг ҳуқуқий мақомини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Россия Федерацияси Президенти томонидан 2001 йил 8 майда қабул қилинган «Давлат органларининг юридик хизматини мустаҳкамлашнинг баъзи чора-тадбирлари тўғрисида»ги 528-сонли Фармонда федерал давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат органлари раҳбарларига мазкур органлар (уларнинг аппарати) таркибига юридик хизмат мустақил таркибий бўлинма сифатида киритилиши ва бевосита ушбу органлар ёки уларнинг аппаратлари раҳбарларига бўйсуниши лозимлиги тавсия этилган. Шунингдек, унда ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг лойиҳаларини тайёрлаш, таҳрир қилиш ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда иштирок этадиган ва олий юридик маълумотга эга бўлган юридик хизмат ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида мазкур органлар раҳбарларига уларнинг мансаб маошларига устамалар ўрнатиш ҳуқуқи берилган. Фармон билан Россия Федерацияси Ҳукуматига ижроия ҳокимият федерал органларининг юридик хизмати тўғрисида намунавий низомни тасдиқлаш вазифаси юклатилган.
Федерация миқёсидаги ижроия органлар юридик хизматининг ҳуқуқий мақоми Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2002 йил 2 апрелдаги 207-сонли Қарори билан тасдиқланган «Ижроия ҳокимият федерал органларининг юридик хизмати тўғрисидаги Намунавий Низом»да белгиланган бўлиб, унда юридик хизмат федерал ижроия орган фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил этилиши кўрсатилган. Намунавий низомда юридик хизматнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, шунингдек у федерал ижроия орган марказий аппаратининг мустақил таркибий бўлинмаси (департамент, бош бошқарма, бошқарма, бўлим) сифатида ташкил қилиниши ва бевосита мазкур орган раҳбарига бўйсуниши, юридик хизмат раҳбари олий юридик маълумотли бўлиши лозимлиги белгиланган. Юридик хизматнинг асосий вазифалари Намунавий низомнинг алоҳида бандида белгиланган бўлиб, унга қуйидагилар киради: а) ижроия ҳокимият федерал органи фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш; б) ижроия ҳокимият федерал органи ваколатига кирувчи масалаларни тартибга солувчи Россия Федерацияси қонунчилигини такомиллаштириш билан боғлиқ бўлган ишларни амалга ошириш; в) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатини яхшилаш.
Россия Федерациясида корхона, муассаса, ташкилотлар (хўжалик юритувчи субъектлар) юридик хизмати фаолиятини тартибга солувчи янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган, бироқ ҳозирги кунга қадар собиқ СССР Министрлар Советининг 1972 йил 22 июндаги 467-сон қарори билан тасдиқланган «Вазирликлар, идоралар, меҳнаткашлар депутатлари Совети ижроия қўмитаси, корхона, муассаса, ташкилотларнинг юридик бўлимлари (бюро), бош (катта) юрисконсультлари, юрисконсультлари тўғрисидаги Умумий низом» ўз кучини сақлаб қолган бўлиб, унда жумладан корхона, муассаса, ташкилотлар юридик хизматининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги белгиланган. Амалда кўпчилик ҳолларда хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматлари юқорида қайд қилинганидек локал ҳужжатлар, яъни ички низомлар ҳамда мансаб йўриқномалари асосида фаолият юритадилар.
Россия Федерацияси Меҳнат вазирлигининг кўрсатмаларига асосан ташкилотлардаги юристларнинг расмий номланиши – юрисконсульт ҳисобланади2. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат ташкилотларида ҳар бир мансабга нисбатан иш ҳақи разряди белгиланган.
Россия Федерациясида юридик хизматнинг тузилиши, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишлари, федерал ёки Россия Федерацияси субъекти органларида фаолият кўрсатишини инобатга олиб, уларни қуйидаги гуруҳ (тур)ларга ажратиш мумкин: а) федерал давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг юридик хизмати (Россия Федерацияси Президенти Давлат-ҳуқуқий бошқармаси, Федерал Мажлис палаталари Ҳуқуқий бошқармалари, Ҳукумат аппаратининг Ҳуқуқий бошқармаси); б) ижроия ҳокимият федерал органларининг юридик хизмати; в) Россия Федерацияси субъектлари (республика, ўлка, област, федерал миқёсдаги шаҳар, автоном област, автоном округлар) давлат органларининг юридик хизмати; г) Россия Федерациясининг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари юридик хизмати; д) корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар юридик хизмати.
Россия Федерациясидаги юридик хизмат фаолиятини таҳлил қилиш мақсадида юқорида қайд қилинган гуруҳларга кирувчи айрим давлат органлари ва корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар юридик хизматининг ҳуқуқий мақоми моҳиятини очиб бериш юридик фан нуқтаи назаридан долзарб масала бўлиб ҳисобланади.
Россия Федерацияси Қуролли кучлари тизимида юридик хизмат қуйидаги шаклларда, яъни Қуролли кучларнинг барча турларида – юридик хизмат, армия ва флотилияларида – катта юрисконсульт, қўшин, полк ва бригадаларида – қўшин, полк ва бригада командирларининг ҳуқуқий ишлар бўйича ёрдамчиси, муассаса, хизмат, бўлим, қўмита, инспекция, корхона ва ташкилотларида – юрисконсульт лавозимларини киритиш орқали ташкил қилинади. Ҳарбий бошқарув органлари, ҳарбий қисмлар, ҳарбий ўқув муассасаларида юридик хизмат бўлинмалари (алоҳида мансаб) ташкил қилинади. Россия Федерацияси Қуролли кучлари юридик хизмати мансабдор шахслари жумладан қуйидаги ҳуқуқларга эгалар: тегишли ҳарбий бошқарув органларида ҳуқуқий ишлар ҳолатини, шунингдек қуйи турувчи ҳарбий бошқарув органлари юридик хизмати бўлинмалари фаолиятини ташкил қилинишини текшириш; тегишли командирларга (бошлиқларга) қонунчилик бузилишини бартараф қилиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш; ҳарбий бошқарув органлари фаолиятида юзага келадиган ҳуқуқий масалалар бўйича хулосалар бериш киради.
Россия Федерацияси Бош прокуратурасида ҳам юридик хизмат вазифаларини амалга ошириш учун мустақил таркибий тузилма сифатида Ҳуқуқий бошқарма ташкил қилинган бўлиб, унинг фаолияти Россия Федерацияси Бош прокурори томонидан 2012 йил 23 январда тасдиқланган «Россия Федерацияси Бош прокуратураси Ҳуқуқий бошқармаси тўғрисидаги Низом»1 билан тартибга солинади. Низомда Ҳуқуқий бошқарманинг тузилиши, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, бошқарма ходимларининг ваколатлари, ишни ташкил қилиш тартиби белгиланган.
Ҳуқуқий бошқарма фаолиятига раҳбарликни бошқарма бошлиғи – Россия Федерацияси Бош прокурорининг катта ёрдамчиси амалга оширади. Бошқарма таркибига бошқарма бошлиғининг икки ўринбосари – Бош прокурорнинг Россия Федерацияси Федерал Мажлиси палаталаридаги ваколатли вакиллари; прокуратуранинг хавфсизликни таъминлаш ва жиноят судлов ишлари ҳамда давлат қурилиши, фуқаролик ва ижтимоий соҳаларда ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти ҳамда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти мониторингини мувофиқлаштириш бўлимлари; давлат ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқий маърифат масалаларида ўзаро ҳамкорликни ташкил қилиш бўйича бўлим; ҳужжатлар билан таъминлаш бўлими киради.
Ҳуқуқий бошқарманинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
1) Россия Федерацияси Бош прокуратураси, унга қарашли органлар ва муассасаларнинг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятида иштирокини таъминлаш, Бош прокуратура таркибий тузилмаларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш; 2) Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш; 3) норматив-ҳуқуқий тартибга солиш ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш мақсадида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш мониторингини ташкил қилиш; 4) прокуратура органлари ваколатларини самарали олиб бориш мақсадида қонун ҳужжатларини тизимлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 5) прокуратура органларининг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги масалалари бўйича ишларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш киради.
Беларусь Республикасида юридик хизматнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва уни такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилади.
Беларусь Республикаси парламентининг Вакиллар палатаси юридик хизмати – Бош ҳуқуқий бошқармаси деб номланади. Унинг асосий вазифалари бўлиб, Вакиллар палатаси ва унинг Котибияти фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш; қонунлар, Вакиллар палатаси ва унинг Кенгаши қарорлари лойиҳаларини ҳамда Вакиллар палатасига келиб тушган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини юридик экспертиза қилиш; Вакиллар палатаси ва унинг Кенгаши қарорлари, бошқа локал норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш; Вакиллар палатаси депутатлари ва палата котибияти ходимларига норма ижодкорлиги масалалари бўйича маслаҳат ёрдами бериш ҳисобланади.
Беларусь Республикаси Миллий Мажлисининг Республика Совети юридик хизмати – Қонунчилик ва давлат қурилиши бош бошқармаси деб номланади ҳамда унинг асосий вазифалари Вакиллар палатаси юридик хизмати вазифаларга ўхшайди. Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси ҳар иккала палатаси юридик хизмати уларнинг Котибияти таркибига мустақил тузилма сифатида киритилган.
Беларусь Республикаси Президенти Администрацияси тузилмасида юридик хизмат – Давлат-ҳуқуқий бош бошқарма ташкил қилинган. Беларусь Республикаси Президентининг 2017 йил 13 февралдаги 40-сон «Беларусь Республикаси Президенти Администрациясини оптималлаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Давлат-ҳуқуқий бош бошқарманинг асосий вазифалари жумласига Президентнинг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш, давлат органларининг ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни ташкил қилиш киради.
Беларусь Республикаси Министрлар Совети Аппаратида юридик хизмат – Юридик бошқарма деб юритилади ва унга ҳукумат фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш вазифаси юклатилган.
Беларусь Республикасида юридик хизматнинг ролини ошириш ва ишлари сифатини кўтариш мақсадида Беларусь Республикаси Министрлар Советининг 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган 2070-сонли қарори билан «Давлат бошқаруви республика органи ва Беларусь Республикаси Ҳукуматига бўйсунувчи бошқа давлат ташкилоти, маҳаллий ижроия ва бошқарув органи юридик хизмати Намунавий низоми» ва «Давлат ташкилоти юридик хизмати тўғрисида Намунавий низом» тасдиқланган.
Давлат бошқаруви республика органи, шу жумладан унинг департаменти ва Беларусь Республикаси Ҳукуматига бўйсунувчи бошқа давлат ташкилоти, маҳаллий ижроия ва бошқарув органи юридик хизмати деганда Намунавий низомнинг 1-бандига кўра – давлат органи фаолият юритишини ҳуқуқий таъминлаш ва унинг фаолиятида қонунийликка риоя қилиш мақсадида ташкил этиладиган таркибий тузилма (бош бошқарма, бошқарма, бўлим, сектор) ёки жорий қилинадиган бош юрисконсульт лавозими тушунилади.
Беларусь Республикаси Ҳукуматига бўйсунувчи республика давлат бошқарув органида юридик хизмат мустақил таркибий тузилма сифатида, агар унда ишлайдиган ходимлар сони 80 кишидан кам бўлса таркибий тузилма сифатида ташкил қилинади. Низомда қайд қилинган бошқа орган ва ташкилотларда юридик хизмат таркибий тузилма ёки бош юрисконсульт лавозими жорий қилиш орқали тузилади. Давлат органи юридик хизмат ходими олий юридик маълумот ва қонун ҳужжатларида белгиланган мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлиши лозим.
Намунавий низомда давлат органи юридик хизматининг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унга қўйиладиган талаблар ҳамда жавобгарлик белгиланган. Низомга мувофиқ юридик хизматнинг асосий вазифаларига – давлат органи ва унинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликка риоя қилишга кўмаклашиш; давлат органи раҳбариятига тақдим этилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги қонунчиликка, Беларусь Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш; давлат органининг ваколатига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиш; давлат органи мансабдор шахсларини ва ташкилий тузилмалари фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича ҳуқуқий маслаҳат бериш; давлат органи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳисобини олиб бориш, Беларусь Республикасида ҳуқуқий ахборотларнинг ягона эталон банкини шакллантиришда иштирок этиш; давлат органининг манфаатларини судларда ва бошқа давлат органларида ҳуқуқий масалалар бўйича ҳимоя қилиш кабилар киради.
Юридик хизматнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
а) ташкилот фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш; б) ташкилотнинг ҳуқуқий масалаларини ҳал қилишда иштирок этиш; в) ташкилот фаолиятида қонунийликни таъминлаш; г) ташкилотнинг мулкий ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш; д) ташкилотда қабул қилинадиган локал норматив ҳуқуқий ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқлигини таъминлаш, агар қонунчиликка зид бундай ҳужжатлар қабул қилинган бўлса, уларни белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўриш; е) ташкилот мансабдор шахсларига норматив ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар бериш; ё) ташкилот манфаатларини судларда ва бошқа давлат органларида ҳуқуқий масалалар бўйича ҳимоя қилиш хисобланади.
Юқоридагилар Беларусь Республикасида Адлия вазирлигига давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ҳамда ташкилотларга юридик хизмат кўрсатиш фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш борасида ҳуқуқий асослар етарли даражада шакллантирилганидан далолат беради.
Германияда барча давлат органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда (компаниялар, корхоналарда ва ҳоказо) ҳуқуқий ишларни амалга ошириш учун юридик хизмат ташкил қилинади. Юридик хизмат давлат органлари ва компанияларнинг таркибий тузилмаси ҳисобланиб, у - юридик бўлим, юридик гуруҳ, юрисконсульт шаклида ташкил қилинади.
Юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми ва фаолияти махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан эмас, балки давлат органлари ва компанияларнинг ички ҳужжатлари (низомлар, мансаб йўриқномалари, меҳнат шартномаси) билан тартибга солинади. Лекин бу Германияда юридик хизматга оид умуман ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас деган хулосага келиш учун асос бўлмайди. Чунки давлат органлари ва компаниялар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, процессуал қонун ҳужжатларида юридик хизмат томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ишлар ва унинг фаолиятига оид бошқа нормалар, давлат хизматчилари тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган.
Масалан, Германиянинг Бремен шаҳридаги изоляция техникаси материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган компанияда юридик бўлим ташкил қилинган. Юридик бўлимда бешта ходим, яъни бўлим бошлиғи, иккита юрисконсульт, иккита юрисконсульт ёрдамчиси ишлайди. Юрисконсульт лавозимига университетни битирган ва биринчи имтиҳонни муваффақиятли тугатган юристлар тайинланади2. Юридик бўлимнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: ҳуқуқий масалалар бўйича компания раҳбарлари ва мутахассисларига маслаҳатлар бериш; шартномаларни (хўжалик ва меҳнат шартномаларини) тузишда иштирок этиш ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш; талабнома ишларини юритиш; судларда компаниянинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тегишли ҳужжатлар ва материалларни тайёрлаш ҳамда уларни адвокатларга тақдим этиш. Юридик хизмат ходимлари ҳам адвокат мақомини олишлари мумкин, аммо улар компанияда ишлаётган пайтида адвокат сифатида фаолият кўрсата олмайдилар.
Германияда компанияларнинг юридик хизмат ходимлари бизнинг мамлакатимиздагидан фарқли ўлароқ, судларда компания ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатига эга эмаслар. Бу вазифани тегишли судларда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган адвокатлар амалга оширадилар. Аммо, суд мажлислари очиқ бўлганлиги сабабли юридик хизмат ходимлари ҳам барча фуқаролар сингари унда қатнашишлари мумкин. Адвокатларга компания даъвогар бўлганда даъво аризаларини ёки жавобгар бўлганда даъво аризасига юзасидан фикрномаларни ёзиш ва уларга илова қилиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар ва материалларни компания юридик хизмати тайёрлаб беради.
Адвокатларнинг касбий ҳуқуқ ва мажбуриятлари 1959 йил 1 августда қабул қилинган Федерал адвокатура тўғрисидаги Низом билан тартибга солинади. Қонун кучига эга бўлган мазкур Низомга 1994 йил 2 сентябрдаги тузатишлар билан жиддий ўзгартишлар киритилган.
Германияда фуқаролик процесси адвокатнинг мажбурий равишдаги иштироки ёки унинг иштирокисиз амалга оширилади. Германия ФПКнинг 78-параграфига мувофиқ округ (ландгерихт) ва бошқа барча юқори инстанция судларида тарафлар адвокат орқали ўз манфатларини ҳимоя қилишлари мумкин. Агар тарафлар адвокат орқали вакиллик қилиши мажбурий бўлмаган ҳолларда, низо судда тарафларнинг ўзи ёки фуқаролик процессуал муомала лаёқатига эга бўлган ҳар қандай шахсни вакил қилиш орқали кўриб чиқилиши мумкин.
Оққўрғон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси
Бекназар Жураев