March 25, 2020

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ.

Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси кундан-кунга кўпайиб бораётган давлатлардан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакатимиз аҳолиси сони 34 млн. кишидан ошди. Бу албатта ҳар қандай соҳа, хусусан уй-жой қурилиши, коммунал, бандлик, молия ва бошқалар учун долзарб аҳамият касб этмай қолмайди.

Ушбу жараёнда аҳолини рўйхатга олиш масаласи ҳам амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ишлардан бири ҳисобланади. Жаҳон тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, деярли барча давлатлар томонидан доимий равишда ўз аҳолисини рўйхатга олиш ишлари амалга ошириб келинган.

Шундан келиб чиқиб, ўтган даврда мамлакатимизда ушбу ишларни амалга оширишда биринчи навбатда ҳуқуқий пойдевор яратилди.

Жумладан, 2019 йил 5 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонда келтирилишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳоли сонига,
ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.

Шундан келиб чиқиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг
2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастурини кўллаб-қувватлашини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида Фармон билан мамлакатимизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, Фармон билан Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси, Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури, Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар ва уларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.

Бундан ташқари, ушбу ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиб, жорий йилнинг 16 март куни “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Қабул қилинди.

Қонун 5 боб ва 31 моддадан иборат бўлиб, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Қонун билан аҳолини рўйхатга ошиш бўйича қонунчиликдаги асосий тушунчаларнинг мазмун-моҳияти, асосий вазаифалар, асосий принциплар, аҳолини рўйхатга олиш ишларига масъул бўлган давлат органларининг вазифа ва ваколатлари, респондентларнинг ҳамда рўйхатга олувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу фаолиятни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирилганлиги келгусида мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ишларини қонуний ва шаффоф тарзда амалга оширилишига хизмат қилади.

 

Абдурахим МУСАШАЙХОВ Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи