March 25, 2020

Меҳнат учун ҳақ тўлаш даркор!

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўрин берилган.

Жумладан, Бош қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида белгилаб қўйилганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шунга кўра, жорий йилнинг март ойида ўтказилган сайёр қабулда Поп туман адлия бўлими томонидан Б.Махмудов ва 104 нафар фуқароларнинг Поп тумани, Озод МФЙ ҳудудида фаолият юритган “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг тасарруфида бўлган собиқ “Узрубероид” МЧЖда 2019 йил ишлаган давридаги берилиши лозим бўлган иш хақларини “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ томонидан ҳозирга қадар тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб, иш хақларини олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари кўриб чиқилди.

Адлия бўлими томонидан Поп туманида фаолият юритган “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг тасарруфида бўлган собиқ “Узрубероид” МЧЖ 2019 йилда тугатилганлиги сабабли, бўлим томонидан юқоридаги ҳолатларга аниқлик киритиш ва тўланмаган иш хақларини тўлаш чораларини кўриш юзасидан “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖга хати юборилиб ҳамкорликда ушбу ҳолатлар ўрганилди.

Маълум бўлишича, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ тасарруфидаги собиқ “Узрубероид” МЧЖ тугатилганлиги, шунингдек жамиятнинг собиқ ишчи ходимларининг иш хақлари ишчи-ходимларнинг номига очилган пластик карталарининг амал қилиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли, ҳозирга қадар 617 нафар фуқароларнинг 207.494.380,12 сўм иш хақларини ўтказиб берилмаганлиги аниқланди.

Натижада, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ билан ҳамкорликда 2 йилдан буён ҳал бўлмаётган “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ тасарруфидаги собиқ “Узрубероид” МЧЖнинг 617 нафар ходимларининг 207.494.380,12 сўм иш хақларини 2020 йил 17 март куни “Халқ банки” АТБ Поп туман филиалининг депозит ҳисоб рақамига ўтказилиб, нақд пул шаклида фуқароларга берилиши таъминланди.

 

Абдуназаров Сарваржон, Поп туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси