ДОИМ ИЗЛАНИШДА
«Шимол айиғидек қишки пўстинига ўралган тоғ уйқуга чўмган. Унинг қоқ белидан торгина, оқ поёндоз тўшалган сўқмоқ ўтади».
Бундан анча йиллар муқаддам Бойсун туман газетасида босилган, ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган ёш йигитнинг биринчи ҳикояси мана шу сатрлар билан бошланган эди. Агар ўша вақтларда ёш муаллифнинг бу ҳикоясини ўқиб кўрган газетхонлардан бирортаси «шу йигитдан ёзувчи чиқади» деб башорат қилган бўлса, хато қилмабди.
«Хатарли сўқмоқда» деб аталган бу ҳикоянинг муаллифи ҳозирги кунда китобхонларга анча маълум бўлиб қолган Шукур Холмирзаев эди. У вақтларда Шукур ҳали папкасини орқалаб, мактабга қатнаб юрган ёш йигитча эди. Болалик, ўсмирлик пайтларида ҳаётдан олган тажрибаси асар ёзиш учун ҳали камлик қилар, ҳаёт таассуротлари эса етарли ҳазм бўлмаганди. Шу сабабдан бу ҳикояда мавҳумиятлар, образларни тасвирлашда, хусусан, уларга индивидуал бўёқ беришда ноаниқликлар бор эди. Лекин ёш муаллифнинг келажагидан дарак берадиган бадиий парчалар ҳам йўқ эмас эди унда.
Университет йиллари... Ўқиш, ўрганиш, мустақил фикр юритиш, малакали адабиётчилар билан бевосита муносабатда бўлиш, ижодий ўйларга берилиш, хусусан, талабалар адабий тўгарагидаги эркин фикр олишувлар, дўстона баҳслар унинг кўзи олдида бадиий ижод сирини очгандек бўлди. Шукурнинг ўз сўзлари билан айтганда, бадиий асар яратиш учун «воқеаларни оддий сўзлар билан баён қилиш етмас экан», балки «тасвирлаш керак экан». Шундан кейин у ҳаётни бевеспта тасвирлаш, ҳаёт манзараларидан бадиий маъно чиқариш устида ўйлай бошлади. Шу ўйлар асосида у «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи» газетаси)да босилган «Тоғлар орасида» қиссасини «Оқ отли» номи билан чоп этди. Шу орада университет ўқишлари ҳам тугай деб қолди. Шукурнинг университетда олган сабоқлари ижодий ишининг нақадар мураккаб эканлигини кўрсатди. Ўзига талабчанлик, менимча, Шукурда ўша университет йиллари бошланди. Илгарилар 5–10 бетлик бирор нарса ёзиб қолса, дарров газета ва журналларга элтиб бериш учун шошиладиган ёш қаламкаш энди ўзининг асарларини ўртоқларига, домлаларига ўқитиб оладиган, муҳокамаларга қўядиган бўлди.
Шукур ҳали университетнинг охирги курсларида эди, чоғимда, қўлёзма кўтариб, университет тўгарагига келиб қолди. Уни тўгарак аъзолари ўқишди, шу муносабат билан мен ҳам ўқидим. Ҳар ким ҳар хил фикр айтди. Шахсан менга бу қисса маъқул бўлди. Кичкина «Оқйўл» ёзиб, «Шарқ юлдузи» журналига йўлладим. Қисса тез кунда журналда чиқиб кетди. Мана ўша «Оқ йўл»:
«Шукур Холмирзаев Тошкент Давлат университети филология факультетининг адабиёт тўгарагидан чиққан ёш ижодкорлардан. Икки йил бўладики, бадиий ижодда куч синамоқда.
Холмирзаев ҳаётни бевосита тасвирлаш учун ҳаракат қилади. Айтмоқчи бўлган фикрини ҳаёт материалларининг бевосита тасвири орқали ифода этади. Меъёрни яхши ҳис қилиб, воқеани батафсил тасвирлайди, иккинчи даражадагиларга кўп ўрин бериб ўтирмайди. Шу сабабдан воқеалар лўнда-лўнда бўлиб, китобхонга бориб ета беради. Баъзан муаллиф танланган воқеа-фикрни тасдиқлашга ожизлик сезса, ҳаракат қилувчи шахсларнинг ўтмишига мурожаат этади ва шахслар фаолиятини мантиқан далиллаш учун ҳаракат қилади. Хуллас, кўпгина ёш прозаикларимизда бўлган нуқсон – баёнчиликдан қочади.
«Тўлқинлар» қиссасининг марказида Ойна опа образи туради. У ҳаёт тажрибасига бой, кўп ишларни бошидан ўтказган аёл. Асарнинг бошидан охиригача ёзувчини Ойна опанинг икки хусусияти банд қилади. Бири – у халқ ишига содиқ, шу асосда ўз принципларида мустаҳкам турадиган раҳбар, иккинчиси – кўнгли дарёдек кенг, олижаноб бир киши. Қиссада бу иккала хусусият бир-бирига омихта. Олижаноблик, бошқача қилиб айтганда, гуманизм унинг принципларини безайди, бу эса инсонпарварлик қарашларини улуғлайди. Ёзувчи Ойна опадаги мана шу икки хислатнинг бир кишида қандай қилиб бирлашиб кетишини кўрсата олган. Шу хусусиятлари туфайли Ойна опа Маъмуржонга ишонади. Шу хусусиятлари туфайли у Маъмуржондаги қусурларга қарши кескин кураша олади.
Бу гапларни айта олиш ҳали тажрибаси кам, энди ёза бошлаган ёш муаллиф учун осон эмас, албатта. Мана шундай мураккаб фикрларни айта билиши Шукур Холмирзаевнинг талантли ёзувчи бўлиб етишажагидан дарак беради.
Ҳозирча, бошқа ёш ижодкорларнинг асарларидагидек, Шукур Холмирзаевнинг асарларида ҳам ҳамма нарса атрофлича акс эттирилмаган, баъзи фикрий ноаникликларга ҳам йўл қўйилган, ҳатто баъзан муаллиф натуралистик тасвирлардан ҳам қутула олмаган бўлиши мумкин. Лекин воқеаларни тасвир этишда топган йўли, принциплари кишини қувонтиради».
Қиссани китобхонлар яхши қабул қилди. Хусусан танқидчилар бу қисса ҳақида анчагина баҳс қилдилар. Бу баҳслар бекор кетмади. Шукур қиссани яна қайта-қайта ишлаб, баъзи жойларини анчагина пишитиб, китоб шаклида эълон қилди.
Эшитишимга қараганда, «Тўлқинлар» қиссаси кўпроқ Шукурнинг ўз оиласи атрофидаги материаллар асосида яратилган асари. Изланишлар Шукурни кенгроқ ҳаёт материали даражасига тортди. Шукурнинг навбатдаги йирикроқ асари «Ўн саккизга кирмаган ким бор...» номли қиссасида ўз тенгдошларининг биографиясини яратишга бағишлади. Қиссада танланган мавзу анча нозик – ким ўн саккизга кирмаган, ким бу эҳтиросли даврни бошидан ўтказмаган? Аммо бу даврни ҳар ким ҳар хил ўтказади. Бировлар бу даврнинг масъулиятига тўла тушуниб етмайди, билмай кўнгил қўяди. Сўнг халқ айтганидек, «билмайин босдим тиканни – тортадурман жабрини», деб кетади. Бировлар эса, ўзига хос одоб ва иффат билан ўз бахтини кутади, излайди, бу ишда чидам ва матонат кўрсатади. «Ишқ бошқа, ҳавас бошқа» эканини ажрата билмайдиган баъзи ёшлар эса, бошқалар муҳаббатини поймол қилишдан ҳам қайтмайди. Ёш адиб мана шундай учта турга ажраладиган учта тенгдошининг ёшликдаги ҳаёт йўлини кўрсатади. Буларни қаҳрамонларнинг интим дунёси деб қарайдиган бўлсак, Шукур улар ҳаётининг бошқа бир муҳим томонига ҳам эътибор берди. Қиссада улар учун муштарак бўлган гражданлик ҳиссининг уйғониши, ижтимоий ҳаётдаги ўз ўринлари ҳақида фикр юритишлари, шахс сифатида ўсишлари ва улғайишлари акс эттирилади.
Қисса ва ҳикояларда Шукур ўз қаҳрамонларининг тақдирига жуда эҳтиёткорлик билан қарайди, авайлаб тасвирлайди. Маълум бир муҳит таъсирида жамият ахлоқ нормаларидан чиқиб кетган бўлса, ёзувчи уларнинг қилмишидан норози эканини, улар устидан кулаётганини сезамиз; борди-ю, соғлом муҳит таъсири остида ўша ёш ўз йўлини топа олганини тасвирлайдиган бўлса, унинг қалам юритишидан юзидаги қаноатли табассумни кўриб турамиз. Шукур қаҳрамонларни аввал хато қилдириб, кейин тузатувчилар «мода»сига берилиб кетаётгани йўқ. У ўрни келганда, қаттиқ жазолай билади ҳам. «Тўлқинлар»да Маъмуржон қиссанинг журнал нусхасида «кескин тузалиб кетувчилар»дан эди. Қиссани китоб шаклида нашр қилишда ёзувчи усталик билан Маъмуржонни ўз-ўзига танитади, хунук башарасини гўё катта кўзгуга солиб рўпарасига опкелиб қўяди, шу йўл билан жазолашнинг ориганал йўлини топади.
Шукур Холмирзаевнинг кейинги ижоди асосан ҳикоя жанрида мукаммаллашмоқда. Кейинги вақтларда унинг «Олис юлдузлар остида» номли ҳикоялар тўплами нашрдан чиқди. Унинг ҳикоялари вақтли матбуотда ҳам тез-тез эълон қилиниб туради.
Шукур Холмирзаевнинг изланишлари фақат услубий изланишлар эмас. Унинг ижодий изланишлари ҳаётга мурожаат қилишдан бошланади. У ҳаётнинг янги-янги қирраларини, адабиётда ҳали кам акс этган томонларини излайди. Зотан, бу ҳозирги ҳамма ёш ижодкорларга хос яхши хусусиятдир. Ўткир Ҳошимовнинг «Баҳор қайтмайди» қиссаси билан китобхонлар таниш. Қиссанинг моҳияти шундаки, ёш йигит шуҳратпарастлиги, пулпарастлиги туфайли фақат ўзининг йигитлик умрини эмас, балки атрофидаги бошқаларнинг ҳам ёшлик умрини хазон қилади. Шукур Холмирзаевнинг «Баҳор ўтди» номли ҳикоясининг мазмуни ҳам «Баҳор қайтмайди» мазмунига бир оз ўхшаб кетади. Бироқ масала бир оз бошқачароқ қўйилган. Йигит қизга кўнгил қўяди. Қиз ҳам унга мойил. Турмуш қурадилар. Йигит характерида одамийлик хислатлари устун туради. Қизнинг эса бу билан иши йўқ. Унинг характерида одамийлик белгилари нормасига тўғри келмайдиган хислатлар кўп. Оқибат шу бўлдики, йигитнинг умри хазон бўлди, оила бошқарувчисиз қолди. Ҳикоянинг ечими бир оз сунъийроқ – йигитнинг ўлими қонунийликдан кўра, тасодифга яқин. Бироқ шунда ҳам китобхон ҳикоядан тўғри хулоса чиқара олади.
Шукур Холмирзаевнинг бошқа бир ҳикояси – «Фарзанд»да одамийликнинг бошқа бир қирраси тилга олинади. Адабиётимизда кўп учрайдиган бир салбий воқеа бор: эркак ва аёл анча вақт турмуш қурадилар, бола-чақали бўладилар, кейин қарасалар, уларнинг оиласи севгисиз қурилгандек бўлиб чиқади. Одатда, бу ҳолат эркакларда кўп бўлади. Шу асосда у жилмайиб боққан ҳар бир жононга кўнгил қўйишга тайёр туради. Ёзувчи қаҳрамоннинг «муҳаббатини топди» деган маънода олқишлайди, баъзи танқидчилар эса бундай ёзувчини ҳақиқий муҳаббат куйчиси деб эълон қилади. Шукур Хомирзаев «Фарзанд»да бундай қалбга тўғри келмайдиган бир воқеани тасвирлайди. Тинч-тотув яшайдиган оила. Эр хотинига ишонганидан узоқ жойга дам олишга жўнатади. Ўзи эса олти яшар ўғли билан таътилини очиқ ҳавода ўтказиш учун қишлоққа жўнайди. Тасодифан у бир аёл билан учрашади ва кўнгли безовталанади. У ниманидир топгандай бўлади. Бироқ у ўзини нотўғри йўлга кираётган ҳисоблаб, шахтидан қайтади. Бунга асосан унинг ёнидаги ўғли сабабчи бўлади.
Масала ҳикояда тўғри қўйилган. Одамийлик ўткинчи ҳисдан юқори туради. Бироқ асарнинг ечими тўла ишонарли эмасга ўхшайди. Қаҳрамоннинг фақат бола туфайли шахтидан қайтиши асардан келиб чиқадиган маънони бир оз майдалаштиради. Муҳаббат, одатда, энг кучли ҳислардан ҳисобланади. Йигит янги топилган муҳаббатидан воз кечган экан, бунинг бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин. Балки ўғлига бўлган оталик ҳисси билан унинг ишончли жуфти ҳалолига бўлган муҳаббати ҳам қўшилгандир. Бироқ ёзувчи бу ҳақда бир нима демайди.
Ҳаёт мураккаб. Унда ҳар хил воқеалар бор. Бироқ ҳаммасини жам қилганда улардан инсонийликка тўғри келадигани ҳам бор, тўғри келмайдигани ҳам бор. Адабиёт ва санъат инсонийлик қонуни асосида иш кўради. Инсонийликка Тўғри келмайдиган воқеа ва ҳодисаларни санъаткор инсонийлик нуқтаи назаридан туриб фош қилади. Шукур Холмирзаев баъзи бир ҳикояларида ўзида инсонийлик бўлмаган ва бошқа бировларнинг одамийлигига путур етказадиган кимсаларга муносабат билдиради. Шукурнинг «От эгаси» деган бир ҳикояси бор. Ҳикоядаги воқеа шундай: ҳаётнинг бераҳм ҳукми билан энг яқинларидан ажралган бир киши. У икки нарса билан тирик – ўқитувчилик қилиб ўзида бор илмини ёш авлодга ўтказиш, иккинчиси яхши кўрган оти. Бу икки нарса гўё бир-бирини тўлдиради ва улар туфайли бу одам ўзини ҳаёт ҳисоблайди. Кунлардан бир кун ерли ҳукумат хонадонлардаги бияларни ихтиёрий равишда отга алмашиб олиш ҳақида қарор қабул қилади. Отга ишқибоз милиция ходими, шу қарордан фойдаланиб, ўқитувчининг отини қўлидан тортиб олмоқчи бўлади ва ҳар хил ҳийлаю найранглар ишлатади. Отдан ажралганидан ўлимни афзал кўрган ўқитувчи отини отиб ўлдиришга мажбур бўлади ва ўзи ҳам ғойиб бўлади. Анча вақтлар ўтгандан кейингина у яна ҳаётга қайтади.
Шукур Холмирзаев ҳикояларида тенгдошлари сингари кўпроқ одамийликни улуғлайди, баъзан шу ишни ғояни бевосита ифодалайдиган образлар яратиш билан амалга оширса, баъзан бевосита ифодалайдиган образлар яратиш йўли билан амалга оширади. Ҳар иккала йўл билан бориб ҳам Шукур китобхонга сабоқ бўла оладиган гап айта олади.
Шукур Холмирзаев ижодда доим ўзига хос йўллар билан боришга интилади. Баъзи бир ёш қаламкашлар сингари у биров юрган йўллардан юрмайди. Буни асарлари учун танлаган материалидан сезиб олса бўлади. Унинг асарларининг материали кўпроқ ўзи туғилиб ўсган жойлари – Бойсун тоғлари, Сурхон бўйлари билан боғлиқ. У Бойсун тоғи гўзалликларини, Сурхон кўркамликларини адабиётга олиб кираяпти. Фақат табиатни эмас, балки у Бойсун ва Сурхон одамларини, уларнинг ўзига хос характер хусусиятларини, бошқа жойлардан бир оз фарқ қиладиган ҳаёт кечириш йўллари билан адабиётга олиб кираяпти.
Шукур Холмирзаев доим изланишда. Бу изланиш адабиётга янги ҳаёт материалини олиб киришда эмас, балки ҳаёт материалини ўзида акс эттиришда, уни муҳим бир масала – одамийлик масаласи атрофида йиғиб кўрсатишда, хусусан, ўзи ўйлаган масалаларни китобхонга тўлароқ етказиб бериш йўллари устида ўйлашда кўринади. Шу сабабли биз сўзимизда ёзувчининг биринчи қиссаси эълон қилинганда Абдулла Қаҳҳор ишлатган иборани такрорламоқчимиз: «Шукур, ишларингиз бароридан келсин!»
Катта санъаткор ёзувчимизнинг бу сўзлари Шукурни гангитиб қўймаса керак. Буни айтиб ўтиш шунинг учун ҳам зарурки, Шукурнинг ижодида ҳали қиёмига етмаган асарлар ҳам учраб туради. Баъзи бир ҳикоялардан келиб чиқадиган маъно ҳаддан ташқари туманлашиб кетса, баъзи бир ҳикояларда ҳаёт воқелиги натуралистик тарзда кўзга ташланиб қолади. Буларни ҳам изланишлар натижаси деб қараш керак ва бу ёш ёзувчи зиммасида адабиёт, халқ олдида мукаммал асарлар яратишдек вазифалар турганини яна бир бор эслатиш керак бўлади.