August 9, 2023

БИРИНЧИ УЧРАШУВ

Дадахон Нурий

Ўзим талабман. Китоб газита дуконларида муковасига тоғ ёнбағридан усиб чиққан дарахтга суяниб, ҳаёлга чумган қиз тасвири туширилган, номи ҳам шоирона «Оқшом қўшиқлари» китобим сотилмоқда.

У каминанинг ранго-ранг гуллар шодаси билан чулғанган жўшқин сурурли хаёллар беланчаги оғушида битган илк лирик қиссаси! Ўн етти ёшимга қоғозда туширганман! О бу ёш кимни масту аласт қилиб, ҳаёлларнинг мавжли дунёсига олиб кирмайди безовта жўшқин юракка ҳар нарсада қодирлик уйғотмайди, дейсиз.

Бунданам қувончлиси ўша пайтларда кенг тарқалган одат – китобхонлар томонидан муаллифга мактуб йуллаш бўлиб, менинг номимга ҳам кетма кет хатлар кела бошлади. Хатлар-ки, ҳар хил мазмунда – кимдир қисса қаҳрамонлари ҳозир қаерда яшаётганини сўраб ёзади кимдир ўз бошидан кечаётган ишқ савдо»сини қоғозга тушириб, маслаҳат сурайди. Хатто «ёзувчиликга ўқитадиган мактаб борми, унга қандай кирса бўлади?» дегувчилар ҳам йўқ эмасди.

Бироқ узоқ Бойсундан келган бир хат анча пишиқ, пухта, баъмани эди-ки, унинг ўқиб, тагига имзо қўйган «8-синф ўқувчиси»ники эканлигига одамни ишонгиси келмасди.

– Ишонаверинг бу Шукур Холмирзаевнинг қишлоғидан бўлса, албатта, боланинг ўзи ёзган – дея каравотининг шундоқ бош томонида ёпиштириб қўйган журнал зарварағидаги суратда қўли билан ишора қилди бақалоқдан келган, салқи юзли хамҳонам.

Армия хизматидан тўғри Тошкентга келиб, эгнидаги формасини ечмай университет «қабул комиссияси»га хужжат топширган, шунинг ёши ўтинқираганроқ бўлиб кўринувчи Жўра ака деган бу киши билан бир йилдан бери шаҳарнинг Чорсу майдонида ётоқхонада бирга турардик.

Жўра ака кўп болали хонадондай доим гавжум турадиган хонамизга кириб, қадам ранжида киши бор-ки албатта девордаги суратда уни диққатини қаратар, «кўриб қўйинглар, бизнивоҳадан чиққан ёзувчи, артист, уни бу расми Москвага, журналнинг биринчи бетига босилган», дея мақтанаверар ва бундан ўзи завқланарди.

Ҳақиқатдан бир четига «Художественная самодеятельность» деб ёзилган журнал муқовасига ингичга қилиб буялган қошлари чимириқли, такаббурана қарашли Шукур Холмирзаевнинг рангли сурати босилганди. Жўра акани аҳён-аҳён шу суратга қараб завқланиши, баъзан «Эҳ, Шукурчик-Шукурчик! Талант-талант, браво», деб ўрнидан кетиши, шундай одам вилоятдоши эканлигидан беҳад фахрланиши ҳавасимизни келтирарди. Баъзан «Браво» сўзини маъносини ўзимизча чақмоққа уринардигу, акахондан сўрашга журъат этмасдик, «шунинг ҳам билмасаларинг, нега студент деган ном олиб юрибсанлар», деган дакки эшитиб қолишданчўчиб... Шу билан қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган оқ отли, тўлқинлар қиссаларининг муаллифи, нафақат буюк Абдулла Қаҳхордай кишининг назарига тушган ёзувчи, балки машхур артист Шукур Бурхоннинг шогирди, университет саҳнасига Шекспирнинг машҳур бош ролни ижро этиб, номи шов-шув бўлиб юрган инсон тасаввуримизда бутунлай бошқача бўлиб гавдаланарди – гўё, Шукур Ҳолмирзаев деган зотни мана шу журнал зарварагидаги Жўра ака сиғиниб ётадиган суратдагидек жиддий бир қиёфада кўриш мумкин-у, унинг ўзи билан учрашиш гурунглашиш асло ақл бовар қилмас ҳодисадай...

Бир куни менинг мана шу ҳаёлларимни чилпарчин қилиб юборган воқеа рўй берди: ёзги имтиҳонларни топшириб бўлиб, энди уй томонларда ровона бўлиш орзусида юрган кунларимизнинг бирида, ётоқхонамизнинғ шундоқ ёнида танишга ўхшашроқ бир киши менга рўпара бўлди. Хурпайган сочлари билан эгнидаги оддийгинна макентош пальтосини бозор томондан эсаётган ёзнинг гармсель шамоли ҳилпиратиб турарди. Чимириқ қош, узунчоқ юз, кўзларида билинар-билинмас қувқарашга мойиллик белгилари сезилиб турган 24–25 ёшлардаги бу йигит қаердадир кўргандай эдим... «Шукур ака-ку?», хаёлимга шу фикр келиб, саломга энди оғиз жуфтлагандим, у киши на салом, на аликсиз гап қотиб қолди:

– Сизни бойсунли бир укамиз Эркинжон сўроқлаб юрибди. Қани кетдик. Уйимиз анаву Соманбозор ичида. Битта ош дамлаймиз, – дея қўлидаги тўрхалтага ишора қилиб қўйди. Ундан қоғозда ўроғлиқ гўшт, сабзи-пиёз, ҳар хил кўкатлар – ош масаллиқлари кўриниб турарди.

Мен йўли учун:

– Э, Шукур ака, ош биз қилардик-ку. Кеп қопсиз, қани, ичкарига марҳамат, – дедим-да, ётоқхонани баланд икки қанотли эшиги томон ишора қилдим.

У қисқагина қилиб, деди;

– Бошқа маҳал. Қани юринг, кетдик!

«Чорсу»дан трамвайда ўтириб Талабалар шаҳарчаси томон икки бекат юргач, паст томон эниб, ажриқзор устидаги илон изисўқмоқдан кета бошладик. Сўқмоққа суви қуриган сойлиққа ўхшаш ивирсиқ шағал йўлга келиб туташди. Шундан сўнг исми-жисмида монанд ростмана Сомонбозорга кириб бордик.

Кета-кетгунча йўлнинг икки тарафига симёғочлардай узунасига тиклаб қўйилган эски тўсинлар, тахта-ю ёғочлар, тунука-шифрлар, эшик-дераза, ромлар, қопда сомонлар билан тўла эди. Ҳар ер-ҳар ерда уюлиб турган қамишбоғламлари, бўйратахламларидан ташқари сотувга қурилиш молларининг ҳаммаси эскилиги, айримлари чирий бошлаганлиги кўриниб турар, афтидан, бутун шаҳар бўйлаб бузилган иморат бор-ки, ундан чиққан яроғлик ашқол-дашқол шу ерга келтириб, кўтара савдога қўйиларди.

Бозор кўчасининг чап томонида ҳовлилар кўзга ташланиб қоларди. Шукур ака ана шулардан бирини қаршисига тўхтади, икки канотли узунтахта эшик юқорисидаги зулфини туширди ва ўзига-ўзи гапиргандай:

– Уккағар, Эркин ҳали келмабди-де, - деб қўйди. Ҳовлига кириб келдик. Олди даҳлизли уй ҳам ўзига яраша ихчам эди. Ялангликнинг бир четидаги ўрик дарахти остида бир шолчатўшаб, устига уч томонлама қилиб кўрпачалар солинган бир супа, нарироқда эса бир ўчоқ кўзга ташланарди. Супанинг юқорироғида бир тўрт ёшлар чамасидаги оппоқ юз, қоп-қора қош бир қизча пишиллаб ухлаб ётибди. Шукур ака унинг ёнига астагина юриб келиб, чўккалади, пешонасидан ўпиб, шундай бир мулойим оҳангда:

– Анонайин, сендан, – деб қўйди. Сўнг менга ўгирилиб: – Арзандамиз, Сайёра! – деди.

Тўрхалтадан масаллиқларни олиб ош тайёрлашга киришдик: мен ўчоққа олов ёқдим, Шукур ака сабзи тўрғай бошлади. Шунақа тез ва бир хилда қилиб тўғрадики, бу ишда ҳам у киши ута маҳоратли эканлигини куриб, ҳавасим келди.

Ош тайёр бўлди ҳам-ки, қаршимиздаги кўча эшик қанотлари очилиб, қарачадан келган, чуваккина юзли, ўртабўй йигитча биз томон шаҳдам юриб кела бошлади.

- Вой-буй, Эркинбой, бў нимаси? Мунча кечикдинг, соат ўн иккига қолмай келмоқчи эдинг-ку! Сенга ишониб болани ёлғиз ташлаб, бозорга ҳам чиқиб келдим, дарагинг йўқ, – дея унинг кутиб олди ҳовли эгаси.

Бола хам бўш келмади, чапанича гап қилди:

– Э, ака! Шаҳрингиздан ўргилдим. Ҳамма ёқда очирад. Бир парча қоғоз олиш учун ҳам, уни топшириш учун ҳам соатлаб қаққайиб очирад кутиш керак. Ўша азонлаб кетганимча ҳужжатларни энди топшириб келяпман! Бу Жамил домла Бойсунни шаҳарга айлантириш курашини бошлаган агар шунақа иш юритишга утиладиган бўлса, тинчгина юравергани маъқул.

Шукур аканинг юзлари ёришиб қандайдир шавқ билан йигитча гапига қўшимча қилди:

“Бу муаллим тушмагур, ўзи жўжабирдай бўлгани билан чайир. Бир ишга киришдими, канадай ёпишади. Қўймайди!”

Менинг сўроқлаб юрган, китобимга мактуб йўллаган бу йигитча Эркин эканлигига эшикдан кириб келганидаёқ сезгандим. Дарров танишиб олдик.

“Ўқишга кириш ташвишида юрибмиз, ака”, деб қўйди у гап орасига менга қараб.

“Киради. Шу Эркинвойларга ўхшаганлар кирмаса, ким киради!” деб қўйди Шукур ака овозини баландлатиб.

Шукур ака Тошкентни ман-ман деган ошпазлари пиширадиган паловдай гурунчлари ўйнаб турган таомни гумбаздай қилиб чинни лаганчага солди-да, дастурхонга қўйди. Зарчава кишмишдан тортиб турли масаллиқлар солиб тайёрланган ошнинг иштаҳани очувчи ҳиди гуп этиб, димоқга урилди.

Айни шу пайт караватда ухлаб ётган қизалоқ уйғониб бошини кўтарди-да, биз томон қараб:

– Ада-а! – деди.

– Анонай, ризқ-насибали қизим Сайёражондан, – деди-да, Шукур ака каравотдан қизини кўтариб олди ва бағрига босиб, шундай бир латиф, қандайдир ички бир меҳр йўғрилган товушда: – Суянган тоғим! – деб қўйди...

Менга ўзбек адабиётининг пешқадам вакилларидан бири, қаҳҳорона талабчан, қаттиққўл, шу билан ўта меҳрибон устоз Шукур ака билан «Гулистон» журналида бир хонада ўтириб узоқ йиллар ҳамкорликда ишлаш, қарийб 11 йил «Марказ-1»даги «ёзувчилар уйи»га девор-дармиён қўшни бўлиб яшаш, кўп маротаба сайру саёҳатларга бирга булиш, Бўстонлиқ тоғ сўқмоқларини айланиш, кўпдан-кўп гурунглар қуриш бахти насиб этган. Уларнинг ҳар бири бир китобда мавзу бўларли.

Лекин Шукур ака билан ўша илк учрашувимиз бир умр эсимдан чиқмайдиган сурурли воқеа бўлиб қолди.

2009 йил