August 26, 2020

Кичик гуноҳни қилса бўладими?

Кичик гуноҳни қилса бўладими?

423 22:00 25.08.2020

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ дейдилар: “Мендан келиб одамлар гуноҳнинг катталиги-ю кичиклиги ҳақида сўрайдилар. Бу гуноҳ кабирами ё сағирами? Мен ўшанда уларга жавоб бергим келмайди, чунки улар гуноҳнинг катталиги-ю кичиклигини сўраётганларида, “каттасини қилмаслик, кичигини қилиб қолса бўлар экан” деган фикрдан келиб чиқиб сўрайдилар. Ахир, кичкина чўғни пулинг ва кийимларинг турган сандиқ ичига солиб қўйсанг сандиғинг саломат қоладими? Ўша кичкина чўғ сандиғинг-у ундаги бойликларинг уёқда турсин, уйингни ҳам куйдириб юборади-ку!”

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Истиғфор айтиш билан гуноҳ катта бўлмайди, гуноҳларда бардавом бўлиш билан гуноҳлар кичраймайди”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг наздидаги катта гуноҳ одамлар наздида кичик ҳисобланганидир. Аллоҳ наздидаги кичик гуноҳ одамлар наздида катта бўлганидир”, дедилар.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий розияллоҳу анҳу дейдилар: “Гуноҳкор гуноҳини катта деб билса, қўрқса, у гуноҳ Аллоҳ наздида кичраяди ва уни кечиради. Аммо гуноҳкор гуноҳини кичик санаса, Аллоҳ таоло наздида у катта гуноҳга айланади. Чунки кичик гуноҳлар давом эттириш билан каттаради”.

Аввом ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади: “Гуноҳдан кейинги тўрт нарса ўша гуноҳнинг ўзидан-да ёмондир. Уни кичкина санаш, ғурурланиш (яъни шунга ҳам кечирим сўрайманми деб ўйлаш), гуноҳ билан хурсанд бўлиш ва давомийлик”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Гуноҳни паст санашдан сақланинг, чунки улар жамланиб инсонни ҳалок қилади”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога: “Эй Оиша, гуноҳларни кичик санама, чунки унинг ҳам Аллоҳ тарафидан сўровчиси бор”, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар! Гуноҳ қилувчилар, албатта, қилган гуноҳларининг жазосини олурлар” (Анъом, 120).

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий розияллоҳу анҳу дейдилар: Битта гуноҳнинг 10 ёмон оқибати бор.

1. Агар банда бирон гуноҳ қилса, Аллоҳни ғазаблантиради.

2. Аллоҳ таоло ёмон кўрган душманга – шайтонга яқинлашади.

3. Жаннатдан узоқлашади.

4. Дўзахга яқинлашади.

5. Ўз нафсига зулм қилади.

6. Қалбини ифлос қилади, ваҳоланки Аллоҳ уни пок ҳолда яратганди.

7. Ўнг ва чап томондаги фаришталарга азият беради.

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қабрларида хафа қилади, чунки умматнинг ҳар бир амали у зотга кўрсатилиб турилади.

9. Гуноҳ қилиш билан ерни, кеча ва кундузни гувоҳ қилиб, уларга озор беради.

10. Одамлар ва бошқа махлуқотларга хиёнат қилади. Одамларга хиёнати у биронта кишига гувоҳлик келтирса, гуноҳи туфайли гувоҳлиги қабул бўлмайди. Борлиққа хиёнати эса, унинг гуноҳи туфайли ерга балою офатлар ёғилиши мумкин.

Хуршид АСЛАНБАЕВЯнгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи” масжиди имом-хатиби.

https://t.me/joinchat/AAAAAFPMkaAamUXqscHRKw