Фаранг муҳандисни қойил қолдирган мусулмон олими
Фаранг муҳандисни қойил қолдирган мусулмон олими
184 07:00 15.07.2020
Исмоил бин Мустафо ал-Каланбавий (1730–1790) Калом илмининг билимдони, факиҳ, Усмонлилар математика ва Истанбул шаҳридаги денгиз мадрасасида муҳандис профессори бўлган.
У 1730 йилда Маниса яқинидаги Геленба шаҳрида - ўша пайтда Ғарбий Кичик Осиёнинг Айдин вилоятида туғилган; Геленбавий (Ал-Каланбавий) номи билан танилган. У Истанбулда ўқиди, у ерда 33 ёшида Усмонли имтиҳон тизимига кўра мударриc унвонига сазовор бўлди.
Вазир Халил Ҳамид Пошо (1785 йилда вафот этган) ва ўша пайтдаги денгиз қўмондони Жазоирли Ғози Ҳасан Пошанинг (1790 йилда вафот этган) илтимосига биноан, Қосим Пошшадаги янги денгиз коллежига математика профессори этиб тайинланган. Истанбулда у бошқа Усмонли ислоҳотчилари билан, масалан француз-венгр ҳарбий муҳандиси, француз аслзодаси Франц Тотт билан бирга ишлаган. Ал-Каланбавий жуда аниқ баллистик ҳисоб-китоблари учун Султон Селим Учинчидан мукофот олган эди.
У Туркияда логарифмларни жорий қилганини айтишади. Мусулмон дунёсида у ақида, мантиқ ва бошқа фанлар бўйича асарлари билан ҳам танилган. У Имом ад-Даванийнинг "Ақида Азудия" номли таниқли асарига ҳошиясига изоҳ ёзган.
Имом ал-Кавсарий томонидан буюк олим Исмоил ал-Каланбавийнинг таржимаи ҳолида шундай деб ёзилган:
"Унинг математик фанлардаги қобилиятини намойиш этадиган мисоллардан бири: бир француз муҳандиси пойтахтга (Истанбул) келган ва уни ташқи ишлар вазири кутиб олган. Муҳандис ўзи билан олиб келган логарифмлар жадвалини кўрсатиб, вазирдан, “Усмонли давлатининг пойтахтида математик фанларни тушунадиган бирон бир одам борми”, деб сўради. Вазир уни Каланбавийнинг уйига йўналтирди.
Муҳандис шайхни, кийимини ва уйини кўриб, бу ердан қидирган нарсасини топишидан умид узди. Аммо шундай бўлса-да жадвалларини шайхга ташлаб бир неча кун муҳлат бериб чиқиб кетди. Кунлар ўтиб муҳандис шайхнинг уйига келганида, у логарифмлар ҳақида иккита мақоладан иборат қизиқарли хабарни топди. У жуда юқори даражада, пухта ёзилган ва мавзу шу қадар кенг ёритилганидан фаранг муҳандис ҳайрат ва таажжуб бармоғини тишлаб қолди. Чунки Европада логарифм жадваллари яқинда ихтиро қилинган эди-да. Кейин муҳандис ташқи ишлар вазирига: "Агар бу олим бизнинг ерларимизда яшаган бўлса, унда унинг қиймати ўзининг оғирлигича олтин нархига тенг бўларди”, деди. Кейин у вазирдан ишларга шайх ал-Каланбавийни жалб қилишга рухсат сўради ва шайх вазирликка чақирилди. Улар унинг содда кийимларини кўриб бошқатдан кийинтирдилар. Аслзодалар кийган қимматбаҳо кийимларни кийган шайх Каланбавий ўшанда: “Аллоҳга шукрки, мўйнали либосни ҳам кийдим”, деган экан.
Ёқуб Умар тайёрлади