August 7, 2020

Вафот этиб, жасади чиримаган қори...

Вафот этиб, жасади чиримаган қори...

Биз зиёрат сафари билан Душанбе шаҳрига бордик. Борган уйимиз эгаси илм аҳлидан бўлгани учун суҳбатимиз ҳам диний мавзуларда кўпроқ бўлди. Шуларнинг ичида ҳаммамизни ҳайрон қолдириб Аллоҳнинг бандаларига жуда меҳрибон эканини бизга яна бир бор ҳис эттирган мана бу воқеа бўлди. Буни сиз азизларга ҳам илиндик, шояд ҳар бир мусулмон ибрат олиб иймони зиёда бўлса.

Мезбонимиз шундай ҳикоя қилади: “Қўшнимнинг ўғли бундан беш-олти йил муқаддам Тожикистондаги нотинч аҳволда йўқолиб қолди. Ўзи Қуръон ёдлагани узоқ қишлоқдаги муаллимнинг ҳузурига бориб, ўша ёқда Қуръонни тўлиқ ёд олиб, мураттаб қори бўлди. Жуда тақводор ва ҳалим йигит эди. 90-йиллардаги тўс-тўполонлар у қишлоққа ҳам таъсир қилди ва ким-кимни душман тутганини билолмай қолди. Бу орада қори йигит ҳам дараксиз йўқолди. Ота-онаси бу талофатлардан сўнг уни суриштирмай ҳам қўйди.

Орадан беш-олти йил ўтди. Бир куни қўшнимиз бизникига шошиб келди ва: “Домла, ўғлим топилибди, аммо...” йиғлаб юборди. Вазиятни тушунтиргач машинага ўтирдиг-у, йўлга чиқдик. Узоқ йўл юриб у қишлоққа етдик. Қишлоқ аҳли ҳайрон... биз ҳам йигитни кўриб ҳайрон бўлдик. Ўқ еган, ярадор, қон оққан, аммо қотиб қолган. Кийимлар чириган, аммо жасадга ҳеч нарса қилмаган. Айтишларича, атрофдаги сойларнинг бирида қўй боқиб юрган чўпон қум тагидан чиқиб қолган бир қўлни кўриб қолибди ва уни тортса қумнинг тагидан жасад ҳам чиқибди. Шунда уни чиқариб олиб, атрофдаги қишлоқ аҳлидан сўрабди. Қишлоқ аҳли жасадни кўргандан таниб, уни фалончи қори аканинг шогирди эканини билибди. Аммо у йўқолганига анча йиллар бўлган эди. Шунда унинг ота-онасини топиб хабар беришган.

Қори йигит бундан анча йил олдин ўлдирилган бўлиб, жасади чиримаган эди. Биз отаси билан бордик ва уни олиб қайтдик. Йўлимиз узоқ, бошқа вилоятда бўлгани учун бир нечта назорат постларидан ўтишимизга тўғри келди. Йигитни оддий кийинтириб, ёнимизга ўтирғизиб олиб келдик. Йўлда кўрган пост ходимлари ҳам йигитни ухлаётган деб ўйлашди ва уни безовта қилмай қўя қолайлик дейишиб ўтказиб юборишди. Уни уйига олиб келдик ва одамлар кўриб ибрат олсин, дея бир неча кун дафн қилмай турдик.

У ҳаётлигида ҳақиқатда мураттаб қори, Аллоҳнинг каломини қалбига жойлаган тирик Қуръон эди. Ҳаётида Аллоҳнинг китобига муҳаббат қўйиб, уни эъзозлагани учун, ўлимидан кейин у Каломнинг Эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло бу йигитнинг жасадини ер ва қурт-қумурсқаларга ем қилиб қўймади. Бу Аллоҳ таолонинг биз бандаларига кўрсатган икроми эмасмикан”

hayotiy saboqlaar kanali