July 16, 2020

КИРАКАШ

Одатда, нимадандир қаттиқ таъсирлансам кичик ҳикоя ёзаман. Бугун таксистларни ноинсоф деётганлар учун бағишланади. Ўзим ҳам 10 мин сўмлик жойга, 20 минг сўмга боряпман. Жарималар, эҳтиёт қисмлар, бензин, ижара, кунлик планларни катталиги, нархларни ошишига сабаб бўлганлиги ҳақида эса, ҳамма ҳам ўйлаб кўрмайди.

КИРАКАШ

- Алло!
- Ҳа, ўғлим, яхши ўтирибсизларми?
- Ота тезроқ келинг, бувимни мазалари бўлмаяпти.
- Нима бўлди, тез ёрдам чақирдингларми, ҳозир бораман! Фарҳод орқа ўриндиқда ўтирган мижозларига узрини айтиб, йўлда уларни тушириб, Сергелидан Юнусободга қараб газни босди. Уйга кетар экан, кўз олдида қари онаси гавдаланади. - Ойи, ойи сабр қилинг, ҳозир етиб бораман.

Эски матизи иссиқда қизиб кетган, ҳаммомдан фарқи йўқ. Ойига 250 $ ижара тўлайди, яна 6 ой қолган. Карантинда ўтириб, икки ой кўчага чиқа олмади. Машина эгаси ҳар куни телефон қилиб, пулни сўрайди. Тўғри, касалликни у ўйлаб топгани йўқ, унинг ҳам бола чақаси бор. Шунинг учун Фарҳод охирги ойда, иссиқни иссиқ демай, кунига 15-16 соат кирада. Чилла ўз йўлига, одамлар асабий бўлиб кетган. Эсон омон қарзлардан қутилиб олса, спаркка алмаштиришни ният қилиб қўйган.

Шу ҳаёллар билан шоша-пиша уйга етиб келди. Тез ёрдам келмаган. Онасини, ўғли Жамшид билан қўлтиқлаб машинага ўтказди. - Қаерга борсам экан, ҳамма ер касал билан тўлган. Ҳа, топдим... 16 кварталдаги шахсий клиникани бир мижози мақтаган эди. Тезда рулни ўша томон бурди. Онаси ҳолсиз, гапиришга мадори йўқ. - Онажон, сабр қилинг. Жамшид нима бўлди ўзи, эрталаб чиқиб кетаётганимда намозга туриб, дуо қилиб ўтирган эдилар. Отасининг саволига, билмадим, дада, ҳаммамиз чой ичиб ўтирган эдик, бирдан бошлари оғриб, ётаман деб қолдилар. Икки соатлар ўтиб оғирлашдилар. Ойимни қилмаган ишлари қолмади.

Ҳозир ҳаммага қийин, ҳеч кимга осон тутиб бўлмайди. Ўтган ҳафта қўшниси тунда шошиб чиқиб қолди, тез ёрдамга туша олмаяпмиз, отамни касалхонага тезда элтиб қўймасангиз бўлмайди деб. Радарга ҳам, ДАН ходимларига ҳам қарамай газни босгандим. Кеча почтадан хат келиб турибди, икки миллион олти юз минг сўм жарима. Неъматга чиқиб, отангни элтиб қўйгандим, тўлайсанми дейманми? Ўзи бечора дори дармонга кимдан қарз олишни билмай юрибди. Ҳойнаҳой, онам шу хатни кўрганларов... Ўтган ой ижарасига нафақаларини қўшиб бергандилар, бу ойликка рўзғорни енгилроқ қилиб турамиз деб. Ўзига-ўзи фикр қилган Фарҳод, ўзи билан гаплашиб кетарди. Шифокор ёзиб кетган дорини ҳам кейинги ойдан оламиз дегандилар. Эҳ, онажон мен аҳмоқ бошқа иш қилсам бўлмасмикин-а, ижара ҳам ўлсин. Қачон қутиларканман бу темир матоҳнинг ижарасидан.

Шу ҳаёллар билан Фарҳод хусусий клиникага кириб келди. Ҳой амаки, аввал регистрациядан ўтиб, тўловини қилиш керак. Кираверишдаги ёш қиз йўлга чиқиб келди.

Қандай замонга қолдик-а, кўрмаяпсанми беморни аҳволини, шифокорингга кўрсатай, мана машинани калити, - дея Фарҳод алмисоқдан қолган матизини калитини қабулхонага қўйиб ўзи шифокор қабулига кириб кетди.

Хайрият, хавотирлари ўринсиз чиқди. Онасини иссиқда қон босими кўтарилган экан. Ука, бир ой аввал дори дармон ёзилган экан сизларга, нега шифокор тавсиясига амал қилмадингиз?

Ҳамма воқеани айтиб бермайдику, узр «дўхтир», ҳозироқ дорихонага кириб, керакли дориларни оламан.

Пул, пулни қаердан оламан. Ҳа, бўлди.

- Алло! Абдусамад, оғайни яхшимисан?
- Фарҳод сенмисан, яхшимисан? Фотима холам яхшимилар?
- Ҳа, бир қўрқитдилар ҳозир. Шунга ҳам сенга телефон қилаётганим. Бир ёрдам қилиб юбор дўстим, онамга дори-дармонга ёрдам керак бўлиб қолди. Ҳозирги шароитимни биласан!

Ёшлигида онасидан эрта етим қолган Абдусамад, она қадрини яхши билади. - Қизиқмисан, бу нима деганинг. Менга ўғлинг телеграмдан дорилар номини ташлаб юборсин, ҳозироқ уйингга ўтаман.

Икки соатлаб ўтиб Фарҳод онаси билан уйда ўтирарди, Абдусамад келди. - Уйга кир оғайни, бир чой ичиб кет қуруқ бўлса ҳам.

- Сен бола қачон одам бўласан, нима бу қуруқ бўлса ҳам деганинг. Муҳими, файзи бор уйингни ўртоқ, ҳозир бундай уйлар камайиб кетган.

Шу пайт, «Даҳшат ТВ»да лавҳа чиқиб қолди, - ҳурматли таксистлар, инсофингиз борми, бировларни ҳам ўйланг, фақат ўзингизни эмас...

👉 Nadirkhuja Yuldashev