October 12, 2020

Ўқинг фикр юритинг

Автобус шаҳобчасида ўтириб, бир тўда лўлиларни кузатдим. Дарахт тагида тамадди қилишяпти. Бир пайт 3 ёшлар чамаси болакай қовунни еб, пўчоғини онасига улоқтирди. Билмадим, ҳазиллашмоқчи бўлдими, ё онасига тегади деб ўйламадими...Онаси жон ҳолатда болани дўппослай кетди. Нимжонгина боланинг чинқиришига чидаб туролмадим, ҳей, нима қиляпсиз, шунга шунчами, дедим уларга яқинлашиб. Шунда ҳодисани бамайлиҳотир кузатаётган бошқа бир лўли аёл мени ҳамиша қийнаб келаётган саволимга жавоб топиб берди: "Урадида, урмаса бети қотмайди, биззи касбимиззи қилолмайди бети қотмаса!!!"
Фейсбук саҳифаларида бир роликни айлантиришяпти: хитойликлар бўлса керак, кариб қолган отани уйдан судраб олиб чиқиб кўчага улоқтиришяпти, зўрға ўрнидан туриб хассаси билан эшикни урса, чиқишиб 2-3 киши бир бўлиб чолни ўласи қилиб тепкилашяпти. Яна бир қария кўчада жиммгина ўтирибди, шу пайт ўғли бўлса керак, келиб қўлида йўғон ёғоч билан чолни бир уриб йиқитдида, бор кучи билан ура кетди. 2-3 ургандаёқ чол қимирламай қолди, лекин йигит уришдан тўхтамади. Яна бир манзара: касалхонада осма укол олаётган қариянинг қўли қимирлаб кетди, ёнида ўтирган барзангидай келадиган киши отани силтаб, бир - икки туширди... қолганини ёзиб ўтирмайман. Энг даҳшатлиси шу эдики, ҳар бир ана шундай падаркушлик содир бўлаётган жойда бир неча одам фақат томошабин бўлиб турарди. Юрагим увишиб, мазам қочай деётувди, ролик тагидаги ёзувни ўқиб, сал ўзимга келдим: "Динсизлик йўлини танлаган динсизларнинг аҳволи..."

Фарзандларимиз яхши хулқли бўлсалар Аллоҳдан, чунки ҳар бир инсон мусулмон фитратида туғиларкан. Агар ёмон хулқли бўлсалар бунга биз, ота-она айбдормиз, демак қаердадир ҳатога йўл қўйганмиз.
Аввало ўзимизни ислоҳ қилайлик. Дунё ташвишлари деб, фарзандлар тарбиясини бой дермайлик. Уларнинг тўполончи бўлиши ҳам, бизнинг эътиборимизни ўзларига қаратишнинг бир йўли аслида. Улар билан кўпроқ мулоқот қилайлик, улар бизнинг меҳримизга мухтож, асабийликларининг сабаби ҳам эътиборнинг, меҳрнинг камлигидан. Уларга ҳозир меҳрни бермасдан туриб, қариганимизда меҳр кутишимиз нотўғри.
Онамнинг маъракаларида қилинган маърузадан: "Бир куни Билол р.а. намозга, (азон айтишга) кечикдилар. Келганларида саҳобалар уни койишди, "Эй Билол, Росулуллоҳни куттирдинг", Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам у кишини койидилар, "жамоатни куттирдинг". Шунда Билол р.а.: "Я Росулуллоҳ, келяпсам бир аёл эшигини олдига тўкилган бир уюм хурмо баргини уйига ташиб обкирмоқчи бўляптию, болалари йиғлаб ҳеч ишини қилолмаяпти. Шунда мен айтдим, эй аёл, мен ташиб берай шуни, сен болларингни тинчитгин... Кейин билсам у аёл Сизнинг қизингиз Фотима экан, йиғлаётган болалар Ҳасан ва Ҳусайн набираларингиз эканлар, ғарамни ташиб бериб келяпман" десалар, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам йиғлаб айтган эканлар: "Раҳм қилибсанда..., раҳм кўрасан!"