УзАвтоМотор ни сиз билган ва билмаган найранглари ёхуд соққани бос соққани
Олий мажлис парламенти депутати Расул Кушербаев UzAutoMotors компаниясидан машина сотиб олишни истаган фуқаролар олдиндан 85 фоиз тўлов қилиши кераклиги ҳақида ҳақли савол билан ижтимоий тармоқларда чиқиш қилди.
Депутатга кўра, 1995 йил 12 май куни имзоланган Президент фармонида келтирилишича, шартнома имзолаш учун 85 фоиз эмас, балки 15 фоиз тўлов қилишнинг ўзи кифоя бўлади. Қайтариб ўтиш жоиз, бу Биринчи Президент Ислом Каримовнинг “Халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар ўз вақтида ўтказилиши учун корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида қайд этилган. Демак, бундан келиб чиқадики, ҳозирги UzAutoMotors ўша вақтда имзоланган Президент фармонига қонунан амал қилмаяпти, ёки бу ҳақда тан олишни ўйламаяпти.
“Ҳамма биладики, UzAutoMotors АЖ дилерлари билан автомашина сотиб олишда шартнома қийматининг камида 85%ини олдиндан тўлаш талаблари кўрсатилган. Монополистнинг истеъмолчига диктовкаси шу қадар кучлики, ҳеч ким нега 85% олдиндан тўлов қилишим керак ўзи деб сўраб ҳам ўтирмайди. Машина пули тўлангач, миниб кетилса-ку, майли, лекин пули тўлангач, ойлаб машина чиқишини кутсанг ҳам 85% пул тўлаш қайси ақлга сиғади?
Амалдаги қонунчиликка кўра, шартнома шартлари кучга кириши учун 15% олдиндан тўлов кифоя. Бу меъёрлар бундан 25 йил аввалги фармонда (https://lex.uz/docs/181809) белгилаб қўйилган.
Айтишингиз мумкин, фармонда олдиндан тўловнинг энг кам миқдори 15% этиб кўрсатилган. Демак, 50% ҳам, 85% ҳам, ҳатто 100% ҳам мумкин деб. Ҳа, шундай, лекин қонунга кўра бу томонларнинг ўзаро келишувига кўра белгиланади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонунга кўра Товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Томонлар ўртасида шартнома нарсаси, миқдор, нарх ва бошқа муҳим шартлар тўғрисида келишувга эришилса, истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади.
Лекин, Сиз UzAutoMotors АЖ билан 15% олдиндан тўлов шартларида автомашина сотиб олиш учун шартнома тузишга уриниб кўринг. Қонун бўйича бунга ҳақли бўлсангиз ҳам асло бунинг иложи йўқ, чунки улар монополист диктовкаси билан тузилган шартноманинг битта ҳарфини ҳам ўзгартиришмайди. Нега? Чунки, у монополист.
Энди сиз масалан, мебель сотувчи билан шартнома тузинг, шартноманинг ҳар бир бандини сотувчи билан муҳокама қилиб, ўзаро келишув асосида белгилайсиз, бемалол 15% олдиндан тўлов билан мебель буюртма қила оласиз. Чунки сизда мебель олишда танлов бор.
Шунга шунчами, дейсизми? 85% олдиндан тўлов бу UzAutoMotors АЖ учун текин кредит, сиз учун эса ортиқча тўлов аслида. Масалан, ўтган ҳафтада 2021 йил июнь ойида автомашина чиқариш шартларида (!) Лабо автомашинаси сотиб олиш учун шартнома тузиши мумкин эди (ҳозир салонларда Лабога шартнома қолмаган).
Яъни, 85% тўлов қилган харидор Лабони 8 ой кутади (яна +30 кун ҳам қўшилган). 76 миллион сўмлик Лабонинг 85%и 65 млн.сўм бўлади. Ваҳоланки, харидор Лабо олишга шартнома тузиш учун 65 млн.сўм эмас, 11 млн.сўм тўлашга тўла ҳақли. Йўқ, UzAutoMotors АЖ монопол шартларини тиқиштириб, бунга асло рози бўлмайди. Натижада харидорнинг 54 млн.сўм пули 8 ойга музлайди, Агар шу пулни харидор энг паст ставка йиллик 14% устама билан банк депозитида 8 ой сақласа, камида 5 млн.сўм қўшимча даромадга эга бўлган бўларди. Бу дегани ўша 76 млн.сўмлик Лабо харидорга, 76 млн.сўм эмас, камида 81 млн.сўмга тушаяпти дегани.
Харидор олдиндан 85%лик тўлов олган UzAutoMotors АЖ нима қилади, аввало ўзининг пулига эмас, харидорнинг пулига автомашина ишлаб чиқаради, яна банклардаги депозитларда бир неча ой сақлаш эвазига даромад ҳам кўради.
Дарвоқе, Монополияга қарши кураш қўмитаси UzAutoMotors АЖ автомашиналари таннархини ҳисоблаганида харидорлардан 85%лик тўлов ҳисобига йиғилган маблағларни монополистнинг банк депозитларига жойлаштиришдан олинган миллиардлаб даромадларни инобатга олганмикан?
Маълумот учун: UzAutoMotors АЖ (GM Ўзбекистон АЖ) 2011 йилга қадар ҳам 15% олдиндан тўлов шартларида шартномалар тузиб келган. Депутат сифатида Монополияга қарши кураш қўмитасидан UzAutoMotors АЖ дилерларидан автомашина сотиб олишда 85%лик олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги қонунчилигимизга мувофиқлиги масаласини ҳам алоҳида ўрганиб чиқишни сўраб қоламан. UzAutoMotors АЖ эса олдиндан 85% тўлов эвазига шаклланган миллиардлаб бепул маблағлар ҳисобидан эга бўлаётган қўшимча даромадлари қай йўналишда сарфланаётганини очиқласа, ёмон бўлмасди”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси деган ташкилот UzAutoMotors АЖга судда ютқазиб, қўйган эди.
Шунингдек, Кушербаев Яшасин очиқлик, “яшасин” монополия! Сарлавҳаси остидаги постида шундай ёзади.
“Яқинда Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари (Р.Кушербаев, Д.Ғаниев, Б.Эшмурзаев) Давлат божхона қўмитаси раиси ҳамда Молия вазирига “UzAuto Motors” АЖ ва “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ учун автомашиналарни импорт қилишда импорт божи ва утилизация йиғимидан озод қилиш борасида Ҳукумат қарори ёки имтиёзли ҳуқуқ тақдим этилганлиги борасида батафсил маълумот бериш ҳамда мамлакат автомобил бозоридаги рақобат муҳитини яхшилаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида автомобиллар учун импорт божларини камайтириш масаласи бўйича ўз нуқтаи-назарини баён этишни сўраб “депутатлик сўрови” юборган эдик.
Кеча сўровга Давлат Божхона қўмитасидан жавоб келгани хабарини етказишди, аммо жавобни қўлимизга беришмади. Чунки жавоб махфий ҳужжат сифатида юборилибди…
Тасаввур қилаяпсизми: жамиятни, жамоатчиликни қизиқтираётган, давлат ва жамият хавфсизлигига боғлиқ бўлмаган масалада бизнинг очиқ юбораётган сўровларимизга жавоблар махфий, қўмита раисининг нуқтаи назари ҳам махфий ва биз ундан фойдалана олмаймиз. Кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайсан.
Бошқалардан фарқли ўлароқ депутат фаолияти очиқ бўлиб, жамоатчиликни қизиқтирган масалалар юзасидан ошкора мулоқотлар олиб боришни бурчимиз, деб билганимиз сабабли келгусида бизни қандайдир “қўрқинчли сир”ларни ошкор этиб, йўқ обрўсини туширишда айбламасликларини ҳохладик. Шундоғам пайт пойлаб туришибди.
Шу нуқтаи назардан қўлимизга олиш мумкин бўлмаса-да фақат танишиб, кейин жим юрилиши керак бўлган махфий жавоб билан танишишдан бош тордик. Шу боис, бу сўровга жавоб олмадик, деб ҳисобласак ҳам бўлаверади.
Шубҳалар тасдиғини топиб бораяпти…
Катта эҳтимол билан Молия вазири ҳам жавобда шундай “приём” қўлласа керак. Кутамиз, лекин қайтиш йўқ. Ҳозирча эса яшасин очиқлик, “яшасин” “UzAuto Motors” монополияси