October 9, 2020

Ўлмай қолган қизнинг тўйи...

Ўлмай қолган қизнинг тўйи...

999 15:13 08.10.2020

Шайх Нобулсийдан қиссалар ва ҳиссалар (қирқ тўққизинчи қисм)

Бир танишим бор. У қизини жуда ҳам қаттиқ яхши кўрар эди. Ўзи Аллоҳ таолога ибодат қилмас, шариатга зид ишларни қилиб юрар эди. Ўша қизи давосиз бўлган дардга йўлиқиб қаттиқ касал бўлди. Бормаган доктори, кўрсатмаган табиби қолмади. Охири даволашга учун уйини сотиб, узоқ юртларга бориб даволатди. Аммо қизи ҳеч тузалавермади. Сўнгра, умидсиз кунларнинг бирида аёли билан бирга ўтирганида хотирасига Аллоҳга тавба қилиб, ушбу давоси бўлмаётган дарддан шифо тилашса, шояд қиз тузалиб кетса, деган ўй келди.

Сўнгра иккиси астойдил тавба қилишиб, Аллоҳ таолодан шифо сўрашди. Беш вақт намоз ўқиб, илм ола бошлашди. Аёли ҳижоб кийиб, иккиси иймон йўлига тушишди. Бу ишлари сабабли Аллоҳ таоло қизларига шифо беришидан умид қилишди.

Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир зот! Қиз аста-секин тузала бошлади.

Ўн йилдан сўнг ҳалиги танишим тўйга айтиб келди ва мен тўйига бордим. Никоҳ тўйида ёшларга бахт тилаб дуолар қилдим. Қайтаётганимда танишим кузатиб қўйди. Хотирамга ие, бу ўша бемор бўлган қиз эмасмикан, деган ўй келди.

– Никоҳи бўлаётган қизингиз, ўша бемор қизингизми? – дея сўрадим.

Субҳаналлоҳ! Ушбу ўта оғир дард бу оилага худди меҳмондек келиб, кетибди-я! Қиз оғир касал бўлиб, ота-онаси тавба қилиб тўғри йўлга юра бошлагач, шифо топибди...

– Худди ўша қизим, – деб жавоб берди.

Бу эса – ботиний неъматдир!

Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий

Шайх Нобулсий ҳафизаҳуллоҳнинг ушбу воқеасини таржима қилган куним никоҳ маросимига чақирилдим. У ерда қадрдонларимизни кўрдим. Улар ичида аҳли илмлардан бири бор экан.

– Домла эсингиздами, бундан ўн тўққиз йил илгари бир масалада ҳамсуҳбат бўлган эдик.

– Қайси масала эди?

– Ҳомиласини олдирмаса, она ҳаётига хавф бўлиши мумкин экан, нима қилса бўлади деб сўралган, агар жон кирмаган ва онаси ўлими аниқ бўлишига учта жуда моҳир мутахассис хулоса берган бўлса олдириши мумкин. Агар ундай бўлмаса гуноҳи кабира бўлади, олдирмаслик керак, деган эдингиз.

– Ҳа бўлди эсладим. Кейин уйдагиларга сўзингизни айтдим, деган эдингиз.

– Шундай. Ҳозирги никоҳи бўлаётган қиз айнан ўша қиз!

Аллоҳ, Аллоҳ!!!

Бир жонни асраб қолишга сабабчи қилган Зотга Ўзига муносиб ҳамдлар бўлсин!

Бизга энг нозик илмларни ўргатган уламоларимиздан Аллоҳ рози бўлсин.

Тавфиқ Аллоҳдандир!

Суннатуллоҳ Абдулбосит

https://t.me/joinchat/AAAAAFPMkaAamUXqscHRKw