September 3, 2020

Йиғлатган йиғламай қолмас.

Йиғлатган йиғламай қолмас.

Шўролар даврида шаҳримиздаги деҳқон бозорини кенгайтириш юзасидан йиғилиш ўтказиладиган бўлди. Мен ҳам ёшлар қўмитаси вакили сифатида таклиф қилинган эдим. Бир қатор корхона ва ташкилот раҳбарлари билан бозорга бордик. Савдо-сотиқ авжида. Шу пайт четроқда эски кийим-кечак, пойабзал ва чинни буюмлар сотиб ўтирган онахонга кўзим тушди. Ўша пайт шаҳарда ҳуқуқ-тартиботга маъсул “акахонлардан” бири“катталар”га яхши кўрингиси келди, шекилли, аёлга: “ Ҳой кампир, йэғештир латта-путталарингни!” деб бақирди.
Онахоннинг қулоғи оғирми ёки тушунмадими, ишини давом эттиравер. “Акахон” яна ўшқирди ва жаҳл билан тепган эди, буюмлар синиб, ҳар ёққа сочилиб кетди.
Кампир эса: “Мен сенга нима қилдим, ўғлим? Ахир, бу вафот этган эримдан қолган нарсалар, холос. Нонга пул бўлар деб сотяпман”, деди йиғлаб. . .

Йиллар ўтди. Бир куни олдимдан соч-соқоли ўсган, уст-боши жулдур, кир-чир, бошига уриниб кетган шляпа кийган гадойсифат одам чиқди. Қўлларини чўзиб: “Ака, юз сўм беринг”, деди.
Овози таниш туюлди. Разм солиб қарадим. Не кўз билан кўрай, бу ўша “акахон” эди. Юрса, товони ерни тешай дейдиган, одамга ҳамиша кибр билан боқувчи одамдан асар ҳам йўқ, афтодаҳол турарди. У ҳам мени таниди.
“Сизни қаматиш учун бир пайтлар ортингиздан одам қўйган эдим. Аслида, ҳалол ишлашингизни билардим. Олдингизда гуноҳкорман, мени кечиринг. Қилмишларим сабаб не ҳолларга тушмадим - хотиним вафот этди, ўғлим автоҳалокатга учради. . . ” дея ўксиб йиғлай бошлади.
Кўнглим бир хил бўлиб кетди. Сочилиб кетган буюмларини йиғлаб-йиғлаб тераётган онахон кўз олдимга келди. . .

Бу одамдан юз ўгириб кетолмадим. Қўлига пул тутқазиб: “Йиғламанг, ака” , деёлдим, холос.

Йўл бўйи ўйланиб кедим. Бошлиқ бўлган кезларим онам раҳматли : “Ўғлим, мансаб тегди, деб одамларни камситманг. Уларга яхши муомала қилинг. Бир куни пушаймонга олиб борадиган ишлардан эҳтиёт бўлинг. Чунки бировни йиғлатган йиғламай қолмайди” , деб тайинлардилар.

Бояги одамнинг ҳолида катта ибрат бор эди.
Улуғлар бежиз айтишмаган экан: “Қўлингдан келса, чумолини ҳам ранжитма, чунки ҳар бир жонворнинг жони ўзига ширин. Ожизларга зўравонлик қилиб, уларни қийнасанг, бир куни чумоли каби оёқ остида бўларсан”.

https://t.me/joinchat/AAAAAFPMkaAamUXqscHRKw