ЖАНУБИЙ КОРЕЯДА ХАЛҚАРО МАЛАКА ОШИРИШ ДАСТУРИ УЧУН 20 НАФАР НОМЗОД САРАЛАБ ОЛИНАДИ
Ўзбекистонда микроэлектроника ва яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш, замонавий IC Design технологияларини олий таълим тизимига жорий этиш ҳамда мамлакатимизда Fabless йўналишида малакали кадрлар базасини шакллантириш мақсадида халқаро малака ошириш дастурига танлов эълон қилинади.
Дастур «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва Корея Республикасининг «Meta on Tech» компанияси ҳамкорлигида, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси номзодларни саралаш ва дастур натижадорлигини мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланган.
Дастур ҳақида
Саралаб олинган 20 нафар иштирокчи Корея Республикасининг Soongsil University ва Hoseo University олий таълим муассасаларида 2 ой давомида:
- интеграл схемаларни лойиҳалаш — Integrated Circuit Design (IC Design);
- яримўтказгич маҳсулотларини йиғиш, қадоқлаш ва синовдан ўтказиш — Assembly, Packaging and Testing (APT)
йўналишларида назарий ва амалий малака оширади.
Дастур Кореянинг миллий IC Design таълим дастурлари ва яримўтказгичлар соҳасидаги амалдаги ўқув-амалий тажрибаси асосида ташкил этилади.
20 нафар иштирокчининг кейинги йўналиши
Дастур натижасида иштирокчилар икки асосий йўналишга ажратилади:
10 нафар профессор-ўқитувчи — Ўзбекистон олий таълим муассасаларида микроэлектроника ва IC Design бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришга жалб этилади. Улар иштирокида университетлар учун замонавий, амалиётга йўналтирилган ўқув дастурлари ва модуллар ишлаб чиқилади.
10 нафар мутахассис — IC Design ва микроэлектроника соҳасида амалий фаолият олиб боришга тайёрланиб, Кореянинг етакчи Fabless компаниялари билан ҳамкорликда профессионал фаолият ва истиқболдаги қўшма лойиҳаларга йўналтирилади.
Fabless компания — микрочипларнинг архитектураси ва дизайнини ишлаб чиқишга ихтисослашган, аммо уларни ўз заводида ишлаб чиқармайдиган компания ҳисобланади. Тайёр дизайн махсус ишлаб чиқариш корхоналари — foundry заводларига берилади.
Кимлар иштирок этиши мумкин?
Танловда олий таълим муассасаларининг:
- микроэлектроника;
- электроника ва электротехника;
- радиотехника;
- телекоммуникациялар;
- компьютер инженерияси;
- ахборот технологиялари;
- физика ва яримўтказгичлар технологиялари;
- автоматлаштириш ва унга яқин техник йўналишлардаги
профессор-ўқитувчилари, битирувчи босқич талабалари/битирувчилари ва соҳавий мутахассислари иштирок этиши мумкин.
Номзодларга тавсия этиладиган асосий талаблар
Қуйидаги мезонлар танлов учун таклиф этилаётган саралаш шартлари ҳисобланади:
- тегишли техник йўналиш бўйича базавий билимга эга бўлиш;
- микроэлектроника, IC Design, электроника ёки яримўтказгичлар соҳасига қизиқиш ва касбий мақсадга эга бўлиш;
- инглиз тилида ўқув материалларини тушуниш ва техник мулоқот қилиш имконияти;
- Кореядаги интенсив назарий ва лаборатория машғулотларида тўлиқ иштирок этишга тайёр бўлиш;
- дастурдан сўнг олган билим ва кўникмаларни Ўзбекистонда амалиётга жорий этиш;
- профессор-ўқитувчилар учун — янги ўқув дастури, модуль ёки лаборатория машғулотларини ишлаб чиқишга тайёрлик;
- битирувчилар ва мутахассислар учун — Fabless компанияларда ишлаш ва IC Design бўйича амалий фаолиятни давом эттиришга қизиқиш;
- шахсий ривожланиш режасини тақдим этиш;
- номзодни тавсия этаётган олий таълим муассасасининг кафолат хати мавжуд бўлиши.
Молиявий шартлар
Дастур иштирокчилари учун Корея Республикасида малака ошириш билан боғлиқ харажатлар тўлиқ молиялаштирилади.
- ўқиш ва лаборатория машғулотлари;
- университет ётоқхонаси;
- овқатланиш ва транспорт учун кундалик харажатлар;
- суғурта ва маҳаллий транспорт;
- виза расмийлаштириш;
- Тошкент–Сеул–Тошкент йўналишидаги авиачипталар;
- ўқув материаллари, таржима, махсус маърузалар ва ташрифлар
Танлов учун тақдим этиладиган ҳужжатлар
- Номзоднинг анкета-маълумотномаси (CV);
- паспорт нусхаси;
- диплом ёки талабаликни тасдиқловчи ҳужжат;
- иш жойи/ўқиш жойидан маълумотнома;
- олий таълим муассасасининг тавсия ва кафолат хати;
- шахсий ривожланиш режаси;
- инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи ҳужжат — мавжуд бўлса;
- IC Design, микроэлектроника ёки тегишли соҳа бўйича амалга оширган ишлари, илмий мақолалари, лойиҳалари ёки портфолиоси — мавжуд бўлса.
Аризаларни қабул қилиш муддати: 2026 йил «14» августга қадар.
Мурожаат учун: Намоз Толипов
Электрон почта: info@uzeltexsanoat.uz
Телефон: +998 90 806 55 72
Ўз келажагингизни микроэлектроника ва яримўтказгичлар саноати билан боғлашга тайёр бўлсангиз — ушбу имконият сиз учун!