September 4, 2019

Ёшлар ташкилотида нималар ўзгариши кутилмоқда?

Akbarali Olimov & Prezidenti Yetakchilari Jamoasi uchun maxsus

Ёшлар ташкилотида нималар ўзгариши кутилмоқда?

Аслида, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ўзи ҳали ёш. “Камолот”нинг вориси саналгани ва Иттифоқ сафида 2017-2019 йиллар давомида кўплаб собиқ “камолот”чилар ишлагани ва ишлаб келаётгани ҳисобга олсак ҳам,барибир бу икки ташкилотни таққослаш нотўғри,деб ҳисоблайман.

Шу сабаб ҳам Ёшлар иттифоқи кўпроқ янги ташкилот сифатида жамият кўз ўнгида намоён бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга катта ишонч, имконият ва имтиёзлар берилди. Уларни қўллаб-қувватлаш бўйича бутун бошли вертикал тизим яратилди.

Албатта, амалга оширилган лойиҳаларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятли бўлди, барча ёшлар тўлиқ қамраб олинди десак, хато бўлади. Бироқ, ёшлар томонидан тақдим этилган ва ҳукумат даражасида ишлаб чиқилган кўплаб лойиҳалар синовдан ўтказилди, жамоа тобланди.

Унутмаслик керак, минглаб ёшлар ҳақиқатан ҳам Ёшлар иттифоқидан манфаатдор бўлишди (Ёшлар уйлари, контракт тўловлари, стипендия, мукофотлар, ёш тадбиркорларга кредитлар ва ҳ.к.). Оммавий ахборот воситалари орқали кўз-кўз қилинмаган юзлаб савобли ишлар ҳам амалга оширилди.

29 август куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбариятида ўзгариш бўлди. Марказий Кенгаш раислигига ёш, билимли Алишер Саъдуллаев раҳбар этиб тайинланди. У Халқ таълими вазири ўринбосари бўлиб таълим тизимининг икир-чикирларини ўрганган бўлса, раиснинг биринчи ўринбосари сифатида Ёшлар иттифоқи тизимида ҳам етарлича тажрибага эга бўлди.

Алишер Саъдуллаев шахсан давлат раҳбаридан руҳий далда ва масъулиятни олди. Унда ташкилотни янги босқичга олиб чиқиш, янада ёшларбоп қилиш, халқчил усулда ишни ташкил этиш, кўмакка муҳтож ёшларни кенгроқ қамраб олиш борасида аниқ режалар бор.

Ташкилот эндиликда очиқлик ва шаффофлик (тез кунда Иттифоқдаги масъул лавозимларга очиқ танлов эълон қилинса ажабланманг), доимий мулоқот (ёшларнинг фикридан келиб чиққан ҳолда иш юритиш), мослашувчанлик ва янгиликка ўчлик(“гибкий”лик, бу ҳолат иш режаларга аввалдан киритилган, лекин энди аҳамиятини йўқотган лойиҳалар ўрнини долзарблари эгаллашига катта ёрдам беради) ва бошқа аниқ тамойилларга асосланадиган бўлди.

Алишер шахс сифатида очиқ мулоқот ва баҳс-мунозарага тайёр, бошқаларнинг фикрини эшита олувчи, муҳим қарорларни холисона қабул қила олувчи ёш раҳбар. Давлатимиз раҳбари юртимиз ёшларини айнан унинг тимсолида кўрмоқда.

Шунча гапни нимага ёздим? Ҳурматли ёшлар, бу имкониятдан унумли фойдаланиб қолинг. Ижтимоий тармоқлар орқали А.Саъдуллаевни табриклаганлар, унга омад ва муваффақият тилаганлар, айрим ҳолларда шунчаки “пахта қўйганлар” кўп бўлди. Лекин тўғри тушунинг, айни пайтда унга ва Ёшлар иттифоқига (айнан ёшларнинг ўзига) амалий таклифлар, “бомба” ташаббуслар, халқаро майдонда ўзбек ёшларини намоён эта оладиган, юртимиз истиқодиётини ривожлантиришга ҳисса қўша оладиган ғоялар керак.