СОДДАЛАШТИРИШ – лафзингдан қайд дегани эмас ёки ўқиганга кун йўқми???
Энг кўп муамммо ва бош оғриққа дуч келган 2020-2021 ўқув йили абитуриентлари энди лафзсизлик қурбони ҳам бўлиши мумкин.
Улар дуч келган муаммолар қўйидагича:
- 2018 йил ўрталарида келгусида келгуси йиллардан ОТМ кириш имтиҳонлари 5 та фандан бўлиш эҳтимоли тарқалди;
- 2018 йил декабр ойида ДТМ томонидан ушбу қарор лойиҳаси муҳокамага эълон қилинда ва унга 70-80 % салбий фикр билдирилди;
- 2019 йил 14 майда Президент қарори тасдиқланди ва расман 2020/2021 ўқув йилидан кириш имтиҳонлари 5 та фандан ўтказилиши эълон қилинди (энг асосийси салбий фикрлар умуман инобатга олинмади, шахсан мен ҳам 5 та фан бўлишига қарши фикр билдирганман, сабаби юртимиздаги хорижий ОТМ филиаллари атиги 2 та фан, ҳатто 1 та фандан кириш имтиҳонлари олаётган бир пайтда бу қарор маҳаллий ОТМлардан ёшларни бездиришга олиб келиши мумкин эди)
- Энг асосийси, 2019-2020 ўқув йили сентябрда бошланди, лекин энг кўп балл берадиган асосий мутахассислик фанлари номаълумлигича қолаверди;
- Ва ниҳоят, 2019 йил декабрь ойининг охирида ушбу фанлар ҳам тасдиқландики, бир фанча асосий мутахассисликларнинг (юриспруденция, тарих, туризм (соҳалар бўйича), ўзбек филология ва ҳоказо) асосий фанлари ўзгариб кетгани ярим йил, бир йилдан бери тайёрланаётган абитуриентлар учун яхшигина тарсаки “совға” бўлди;
- 2020 йил бошлари фақат ижодий имтиҳонлар асосида қабул қилувчи педагогик мутахассислар (тасвирий санъат, мусиқа, жисмоний маданият...)га мажбурий фанлар блоки қўшилиши эълон қилинди;
- Пандемия чекловлари ва тайёргарликларнинг тўхтатилиш;
- АСОСИЙ МУАММО: кириш имтиҳонларига 3 ойдан кам вақт қолган бир пайтда энди 5 та фан эмас 2 та асосий фандан имтиҳон бўлиши ҳақида хабарлар ва яна азобли кутишлар...
Энди савол: ушбу 2020-2021 ўқув йилида топширадиган абитуриентлар учун бу жуда кўплик қилмайдими?
Тўғри ҳамма ҳам 5 та фандан тайёрланаётгани йўқ. Кўпчилик юқори балл беришини билиб 2 та асосий фанини ўқиётган эди. Лекин, камида 5 % балки 10 % абитуриентлар мажбурий фанлар блогига ҳам тайёргарлик кўраётган эди. Бу ҳам 50 мингдан 100 минггача абитуриентлар дегани.
Уларнинг айби барча эътирозлар инобатга олинмасдан ДТМ томонидан тасдиқлаттирилган 5 та фан бўйича тайёрланаётганлигими?
Ахир, мажбурий фан сифатида киритилган математика долзарблиги учун қанча асослар келтирилди, Ўзбекистон тарихи фанини ҳам ҳар ким ўз тарихи ва маданияти билиши шарт деб ўқтирилди, она тили фани эса барча ўз она тили ва иш юритиш услубини билиши керак деб ушбу қарор тасдиқлаттирилди-ку.
Тўғри, ПАНДЕМИЯ бутун дунё режаларини ўзгартириб юборди. Шунга асосланиб Президентимиз кириш имтиҳонларини соддалаштириш топшириғини берди. ЛАФЗингдан қайт демагандир. 2019 йил май ойидаги Президент қарори ва 2019 йил декабрдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори шартларини бутунлай ўзгартир деган бўлмаса керак. Шахсан мен бунга ишонмайман.
Соддалаштириш нега ЛАФЗимиздан қайтиш орқали фанлар сонини қисқартириш кўринишида бўлиши керак. Фанлар сонини қисқартириш айни лаҳзада энг нотўғри қарор. Юзлаб ёшлар билан ишлаётган ва уларнинг психологиясидан яхши таниш шахс сифатида бу қарорнинг салбий томонлари қўйидагича:
БИРИНЧИДАН, АДОЛАТСИЗЛИК бўлади, яъни мажбурий фанларни ўқиган абитуриент давлатга, қарорларга ишониб, ушбу фанларга вақт сарфлаб, маблағ сарфлаб, энг асосийси меҳнат-куч сарфлаб, энди ҳаммаси пучга чиқиши мумкин;
ИККИНЧИДАН, Президент қарори, Вазирлар Маҳкамаси қарори қатори барча расмий ҳужжатлар обрўсига путур етади;
УЧИНЧИДАН, нафақат Давлат тест маркази, балки бу қарорларни тасдиқлаётган Вазирлар Маҳкамаси, қолаверса кеча қарорлари тасдиқланиб, эртага ижроси бекор қилинаётган Президентимизга ишонч пасаяди.
ТЎРТИНЧИДАН, ўқишга киришни сидқидилдан ният қилиб, мажбурий фанларни ўқиётган билимли ва иродали абитуриент билан таваккал қилиб, 2 та фанни ўқиётган абитуриентни имкониятларини тенглаштиради, қолаверса, таваккалчида имконият юқори ҳам бўлади
БЕШИНЧИДАН, мажбурий фанларни ўқиган руҳий тушкунликка тушиб, бошқаларда руҳий устунлик бўлади, ахир уларнинг таваккали ўхшаб қолади (чин дилдан ўқишга киришга ҳаракат қилаётган ва бу йўлда сидқидилдан ўқиётган ўн минглаб, балки юз минглаб абитуриентлар руҳан синади, ахир улар камида 2019 йил сентябрь ойидан бошлаб ҳатто асосий фани аниқ бўлмасада, олдиндан тасдиқланган мажбурий фанларни ўқиб келишаётган эди);
ОЛТИНЧИДАН, нафақат ҳозирги, балки келгуси йил билимли, салоҳиятли абитуриентларнинг “аниқ принциплари йўқ” тамғаси остида маҳаллий ОТМларимизга қизиқишлари камайишига, қолаверса кўнгли совушига сабаб бўлади, хорижий ОТМларни танлашга мажбур бўлади;
Шундай экан, кириш имтиҳонларини СОДДАЛАШТИРИШ бўйича қайси йўлни танлаш керак. Бунинг иложи жуда осон ва бунга қўйидагича таклиф билдираман:
- қийинлик даражаси юқори бўлган тест саволларидан воз кечиш, яъни асосий фан тест саволлари таркибидан 3-4 даражали мураккаб саволлар кескин камайтириш, балки мураккаб тестларни бутунлай олиб ташлаш;
- фанлар сонини 5 та сифатида қолдириб, тест саволлари сонини камайтириш, (масалан, асосий фанлар 25 тадан, мажбурий фанлар 10 тадан)
Кириш имтиҳонларини соддалаштириш ҳам ИСЛОҲОТ. Ислоҳот адолатсизликларни келтириб чиқармаслиги, ҳукумат ва расмий ҳужжатлар обрўсига путур етказмаслиги ва энг асосийси сидқидилдан ҳаракат қилиб, мажбурий фанларни имкон қадар ўқиган ва ўқиётган минглаб ёшларни руҳиятини синдирмаслиги керак, ахир келажагимиз мутахассисларини шулар орасидан кутмаяпмизми, ёки уларнинг ўрнига таваккалчилар ҳам бўлаверадими? Бунча нарсани қурбон қилишга пандеми карантини тугул, бундай оғир дамларда ҳам йўл қўйилмаслик керак.
Таваккал қилиб, шу пайтгача мажбурий фанларни ўқимаган абитуриентлар!!! Виждонан ёндошиб, адолатни тан олиш ҳам марднинг иши!!! Сиз мен учун азизсиз, лекин АДОЛАТ мен учун азизроқ.
Рустам Нишонов
“REPETITOR-SERVIS” O’QUV MARKAZI asoschisi