June 6, 2020

ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАР

Шу кунларда каттаю кичикнинг хаёлини карантин ташвиши, коронавирус муаммоси банд қилган. Ҳаёт давом этаверади, чорасизликдан имкон топиб, фаолиятни давом эттириш лозим. Шу кунларда армияга сараланган ўғлонлар муддатли ҳарбий хизматга отланиш арафасида. Аммо уларни қандайдир саволлар қийнаётган бўлиши мумкин, таклифлари бордир?! Ҳозирги пандемия шароитида юзма-юз мулоқот қилиш хатарли, албатта. Шу боис Республика Ҳарбий прокуратураси ва Тошкент ҳарбий прокуратураси ходимлари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда Ватан ҳимоясига отланган йигитлар билан видеомулоқот ўтказдилар.

Бинобарин, жорий йилнинг июнь ойи барча ҳудудларда “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилингани муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш жадаллашди. Бу борадаги режага кўра прокуратура органлари томонидан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда “Прокурор ва ёшлар” онлайн учрашувларини ташкил этиш назарда тутилганди. Биз юқорида тилга олган видеомулоқот айни ташаббусларнинг ижроси бўлди.

Мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олдилар. Хусусан, орадан икки ой ўтиб, армияга кетилаётгани қайтиш қачон бўлиши ҳақидаги, армияда ва ундан кейин Ёшлар иттифоқи томонидан бериладиган имтиёзлар, иш билан таъминланиш ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредитлар олиш борасидаги ва бошқа саволларга аниқ фактлар асосида жавоблар берилди. Жойларда бу каби видеомулоқотлар давом этмоқда.