February 12, 2020

Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш бўйича ахборот тизими яратилади.

Ҳукумат қарори (71-сон, 08.02.2020 й.) билан Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш бўйича ахборот тизими яратилиб, Интернет тармоғида ишга туширилади.

Шахсга доир маълумотлар – муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, шахсга доир маълумотлар базалари мулкдор (ушбу маълумотлар базасига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш ҳуқуқига эга давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс) ва (ёки) оператор (ушбу маълумотларга ишлов берувчи) томонидан давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим (истисно ҳолатлар мавжуд).

Шахсга доир маълумотлар базасини давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш, аввал киритилган маълумотларга ўзгартириш киритиш ҳамда давлат реестридан чиқаришда тўлов ундирилмайди.

Давлат персоналлаштириш маркази давлат реестрини шакллантиради, юритади ва ундаги ахборотнинг яхлитлигини таъминлайди.

Давлат реестри маълумотлари жисмоний ва юридик шахсларнинг улар билан танишиши учун очиқ ҳисобланади.