ХАЙРЛИ ИШЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
COVID-19 пандемияси бутун инсониятни ташвиш ва хавотирга солаётган айни пайтда унинг оқибатларини юмшатиш, тарқалишининг олдини олиш бўйича жаҳон ҳамжамияти бор имкониятларни ва чора-тадбирларни қўлламоқда.
Эътиборли жиҳати, бу жараёнда меҳр-мурувват, саховат каби халқимизга хос қадриятлар кўпроқ намоён бўлмоқда.
Жумладан, коронавирус инфекциясига қарши курашда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига маблағлар ўтказиш давом этмоқда.
Мазкур акция доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари ходимлари ҳам ўз ташаббуслари билан ихтиёрий равишда мазкур фондга беғараз пул ўтказмаларини амалга оширганликлари ҳақида хабар берган эдик.
Ҳарбий прокуратура органлари ходимлари хайрли ишларни давом эттириб, ўз маошларидан яна бир қисмини “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказдилар.
Очиқ айтиш керак, давлатимиз ғамхўрлиги самараси ўлароқ, инфекция таъсирида ҳали ҳеч ким ҳеч нарсага муҳтожлик сезгани йўқ.
Бу каби акциялар эса бугунги синовли кунларда халқимизни янада жипслаштиради, ҳамжиҳатликни кучайтиради, янада катта шижоат ва жонкуярлик билан меҳнат қилишга руҳлантиради.