March 12, 2020

Муддатли ҳарбий хизматга чақирув бошланди...

Фарғона вилояти Мудофаа ишлари бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 февраль кунги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар сафидан резервга бўшатиш тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Фарғона вилоятидаги чақирилувчи ёшларни Қуролли Кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматга кузатишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Фарғона ҳарбий прокуратураси ходимлари, адабиётшунос олимлар, Нуронийлар ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этишиб, муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган ёшларни ҳарбий хизматга чақирилаётганлиги билан табриклашиб, уларга эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг, байрамона дастурхон ёзилиб, вилоят маданият бошқармаси томонидан байрам концерт дастури ташкил этилди.

Худди шу каби тадбир Сирдарё вилояти мудофаа ишлари бошқармасида ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда Гулистон ҳарбий прокуратураси ходимлари, Нуронийлар, Қуролли Кучлар фахрийлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар ходимлари ва муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Тадбирда Гулистон ҳарбий прокуратура ходимлари томонидан муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган чақирилувчи ёшларга “Ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва бурчлари”, “Ҳалоллик ва поклик, одоб-ахлоқ қоидалари” ва “Ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши қаратилган жиноятларнинг мазмун ва моҳияти” каби мавзуларда тушунчалар берилиб, эсдалик совғалари топширилди.

Бундан ташқари, Бухоро ҳарбий прокуратураси томонидан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда, Бухоро вилояти мудофаа ишлари бошқармасида 2020 йил чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга чақирилиб, ҳарбий хизматни ўташга шайланган ва илк маротаба миллий армияга қадам қўйган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгида ҳарбий ҳаёт ҳақида дастлабки кўникма ва тушунчаларни ҳосил қилиш мақсадида эркин суҳбат кўринишидаги “Йигит сўзи!” шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбирда чақирилувчи ёшларга Ватанга садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир мард ўғлоннинг шарафли бурчи экани таъкидлаб ўтилди.