September 28, 2019

«Тоғ шарпаси» ўқув машғулотлари юқори савияда ўтмоқда

Мудофаа вазирлиги “Чимён” тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар марказида кечаётган “Тоғ шарпаси” ўқув курслари мобайнида сара ҳарбий хизматчилар малакали мутахассислар етакчилигида жисмоний-тактик имкониятларини оширмоқда.

Кундузги ва тунги отиш, разведка ва алоқа, ҳудудга мувофиқ ниқобланиш, шартли беморни фавқулодда эвакуация қилиш, пистирмадан ҳужум, шартли душманни қуршаб олиш, дарёдан кечув, жарлик ва даралар аро канат орқали хавфсиз ўтиш йўли ҳозирлаш, шунингдек тоғ анжомларидан бехато истифода этиш каби ўнлаб мураккаб жанговар вазифаларни гуруҳ ва якка тартибда адо этаётган “тоғ ўғлонлари” йилнинг тўрт фаслида – ҳар қандай вазиятда ўзларининг жанговар шайлигини юксалтирмоқда.

“Тоғ шарпалари”дан топография, тактика, тиббий тайёргарлик каби муҳим ҳарбий фанларни пухта билиш баробарида тоғ илмидан бохабарлик: жанговар шароитларда табиатнинг нозик унсурларидан устомонлик билан фойдаланиш сингари тажрибаларни ҳам муваффақиятли ўзлаштириш талаб этиладиган ўқув-машғулотлар юқори савияда олиб борилди.

– Аксарият ҳарбий хизматчилар ушбу ўқув машғулотларида илк бор қатнашаётганига қарамай, яхши натижаларга эришмоқдалар, кундан-кунга тажрибалари ошяпти, – дейди капитан Фаррух Тошев. – Айни дамда “Кўксув” дарасидан канат орқали шартли ярадорни олиб ўтиш, денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда тунги ва кундузги отиш машғулотлари самарали равишда амалга оширилди.

“Тоғ шарпаси” ўқув курсларида аъло баҳо олган ҳарбий хизматчилар қишки ўқув-машғулотларига жалб этилади.