Элчилар нега «Фавқулодда ва мухтор» деб аталади?

Элчилар тайинланиши, давлат раҳбарлари билан учрашувларида «Фавқулодда ва мухтор» деган жумла ишлатилади. Хўш, нега элчилар расмий ахборотда шунчаки дейлик оддийгина «Ўзбекистон Республикаси элчиси» ёки «Ўзбекистон элчиси» деб аталмайди?

Элчихоналар – бирор давлатнинг чет давлатлардаги ваколатхоналари ходимлари турли даражаларга эга ва уларнинг мақомлари турли давлатларда турлича.

«Дипломатия муносабатлари тўғрисида»ги 1961 йилги Вена Конвенцияси ҳамда халқаро ҳуқуқ нормалари ва қоидаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ходимлари учун қуйидаги дипломатия мартабалари — Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ваколатхоналари дипломатия ходимларига бериладиган алоҳида хизмат унвонлари белгиланади:

  • Фавқулодда ва Мухтор Элчи;
  • Биринчи даражали Фавқулодда ва Мухтор Вакил;
  • Иккинчи даражали Фавқулодда ва Мухтор Вакил;
  • Биринчи даражали маслаҳатчи;
  • Иккинчи даражали маслаҳатчи;
  • Биринчи даражали биринчи котиб;
  • Иккинчи даражали биринчи котиб;
  • Биринчи даражали иккинчи котиб;
  • Иккинчи даражали иккинчи котиб;
  • Учинчи котиб;
  • Атташе.

Фавқулодда ва Мухтор Элчи, биринчи ва иккинчи даражали Фавқулодда ва Мухтор Вакил мартабалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари билан берилади. Ана шу масалалар юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири киритади.

Бошқа дипломатия мартабалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири буйруғи билан берилади.

Элчи ўзи фаолият юритаётган давлатда нафақат ўз давлатининг, балки бевосита давлат раҳбарининг вакили ҳисобланади ва зарур деб ҳисоблаган пайтида ўзи фаолият юритаётган давлат раҳбари қабулини сўраши мумкин.

Элчиларга «Фавқулодда ва Мухтор» атамаси қўшилиши тарихий анъаналар билан боғлиқ. Гап шундаки, қадимда фавқулодда вазиятларда бошқа давлатларга элчилар юборилган ва улар муайян масалаларнигина ҳал қилишган. Мухтор, яъни доимий элчилар эса бошқа давлатлар ҳудудида доимий асосда фаолият олиб боришган. Ҳозирги кунда аксарият давлатлар элчилари ҳар икки мақомни ўзларида сақлайди.