August 12, 2019

Тошкент ҳавосини ифлослантираётган манбалар маълум қилинди

Автотранспорт воситалари Тошкент ҳавосини ҳар йили 395 тонна заҳарли газлар билан ифлослантирмоқда. Атмосферага чиқарилаётган газларнинг 90 фоизи улар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўтган йили Тошкент ҳавоси 426 тонна заҳарли газлар билан ифлослантирилган. Бунда автотранспорт воситалари 395 тонна ёки 90 фоизлик улушга эгалик қилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси «Газета.uz"га хабар қилди.

Ўзбекистон бўйича 2018 йилда атмосферага 2 миллион 449 минг тонна заҳарли газлар чиқарилган бўлса, уларнинг 60 фоизи автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади ва бу ривожланган давлатларда белгиланган стандартлардан 3 баравар кўп демакдир.

Сўнгги 10 йил ичида атмосфера энг кам ифлосланган шаҳарлар ичида Денов, Қўқон, Гулистон, Самарқанд, Сариосиё шаҳарлари қайд этилган бўлса, энг ёмон кўрсаткич Олмалиқ, Ангрен, Бухорода кузатилди.

Шаҳар ҳавосини, жумладан диоксид азот билан ифлослантиришда шаҳар транспорти асосий манба ҳисобланади. Мамлакатда 2 миллиондан зиёд автотранспорт рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 450 минги Тошкент ҳиссасига тўғри келади. Шаҳарга ҳар йили бошқа вилоятлар ва давлатлардан 50 мингга яқин автомобиль кириб келади.

Пойтахтдаги автотранспорт воситаларининг 75 фоизи бензин ва дизель ёқилғиси, 25 фоизи газда ҳаракатланади. Бир тонна дизель ёқилғиси ёнганда атмосферага 208 кг ифлослантирувчи моддалар чиқарилади, бу кўрсаткич газда 3 баравар камроқни ташкил этади.

Автотранспорт воситалари атмосферага 200 дан ортиқ зарарли моддалар, жумладан углерод, алдегидлар, қурум, азот оксидлари чиқарилади. Атмосферанинг одамлар нафас оладиган ер усти қатламларида тўпланган ушбу моддалар ультрабинафша нурлар таъсирида реакцияга киришиб, янада зарарли бирикмаларни ҳосил қилади.

Экология қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йилда атмосферага чиқарилган умумий моддаларнинг 36,2 фоизи саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Саноат объектларининг аксарияти — 37,9 фоизи Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади.