September 10, 2019

Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, биринчидан, 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилади. Нотариал палата ташкил этилади ва унга барча нотариуслар аъзо бўлади. «Бу ўзгариш аҳолининг нотариал идорада навбат кутиб қолиши ва идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олади» — дея изоҳ бермоқда Адлия вазирлиги.

Иккинчидан, мол-мулклар билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда ҳам бир қатор талаблар бекор қилинади. Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмайди.

Учинчидан, бир қатор нотариал ҳаракатларни мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда. Хусусан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади. 2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.

Нотариус хизмати сифатли ва тезкор бўлиши керак. Бу фуқароларнинг уларга нисбатан ишончини мустаҳкамлайди. Нотариат соҳасида ўтган йилларда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.Хусусан, нотариатнинг фаол модели доирасида электрон ҳужжат алмашиниш тизими яратилган ва фуқаролар кўплаб ҳужжатлар йиғишдан озод бўлдилар. Энди бу ишларни нотариусларнинг ўзи саноқли дақиқаларда онлайн тарзда амалга оширмоқда. Бундан ташқари, ходимлар ишини автоматлаштириш ва уларни мониторинг қилишнинг самарали воситалари яратилди.Шунингдек, тизимда ортиқча бюрократик тўсиқлар, навбатлар кўплиги, сансалорлик ва суиистеъмолчиликлар каби кўплаб муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, уларга соҳада туб исолоҳотлар ўтказмасдан барҳам беришнинг имкони йўқ эди.Янги қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони соҳада янги даврни бошлаб беради."

Русланбек Давлетов, Ўзбекистон адлия вазири