Музей экспозицияси учун муносиб туҳфа
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрь кунги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4495-сонли қарори ижроси юзасидан Ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратини ва ғалабага қўшган ҳиссасини ўрганиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борадаги амалий тадбирлар давомида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасининг ташаббуси билан Россия Федерацияси Бош ҳарбий прокуратурасининг амалий кўмаги орқали Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага катта ҳисса қўшган, мислсиз жасорат ва қаҳрамонликлар кўрсатган Ўзбекистон халқининг фарзандларидан бири генерал-майор Собир Умар ўғли Рахимовнинг Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Марказий архивида сақланаётган шахсий йиғма жилдидаги зарур ҳужжатлардан нусхалар олиниб, китоб ҳолида мамлакатимизга келтирилиши муҳим аҳамиятга молик воқеа бўлди.
Мазкур китобда генерал-майор С.Рахимовнинг фашизмга қарши курашда жанг майдонларида кўрсатган қаҳрамонликлари, унинг ҳаёти, шахсий ҳислатлари, ҳарбий хизмат ўтаган жойлари, эгаллаган лавозимлари, унга берилган ҳарбий унвонлар, давлат мукофотлари, ўта оғир вазият ва шароитларда кўрсатган матонати, жасорати ҳамда юқори қўмондонлик ва бўйсунувидаги ҳарбий хизматчилар томонидан юксак қадрлангани ҳақидаги ва бошқа маълумотлар акс эттирилган бўлиб, бу китоб билан танишиш жараёнида ўқувчида катта таассурот қолдиради.
Китобнинг ноёблиги шундан иборатки, ундаги ҳужжатлар генерал-майор С.Рахимовнинг ҳаёти ва ҳарбий хизматдаги фаолиятига доир юртимиздаги мавжуд тарихий материалларни янги маълумотлар билан янада бойитишга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, мазкур китоб Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан бу қаҳрамон аждодимизнинг тарихини чуқур ўрганишга кенг имконият яратиш мақсадида пойтахтимизда барпо этилаётган “Ғалаба боғи” ҳудудидаги “Шон-шараф” музейи экспозициясида сақлаш учун Мудофаа вазирлиги вакилларига топширилди.