5 та муҳим ташаббус ижрода...
Жиззах ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Жиззах вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида, Фориш туманида жойлашган Маданият марказида ўқувчи ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирни Жиззах гарнизони маънавият ва марифат маркази ҳарбий оркестр жамоаси очиб бериб, ҳарбий хизматчиларнинг саҳнавий чиқишлар намойиш этилди. Шундан сўнг, ёшлар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилиб, якунда мусобақа ғолибларига эсдалик совғалари топширилди.
Шу каби Термиз ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Жанубий операцион йўналиш бошқаруви гуруҳи, Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ўртасида қўл жанги бўйича мусобақа ташкил этилди.
Тадбирда Термиз ҳарбий прокурори адлия подполковниги Ш.К.Тошматов сўзга чиқиб, 5 та муҳим ташаббус бўйича ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилганлигини ва ҳозирги кунда барча ҳарбий қисмларда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаб, спорт мусобақасини очиб берди ва мусобақа бўлиб ўтди. Мазкур мусобақа якунида ғолиблар аниқланиб, уларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Қарши ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Қашқадарё вилоят бошқармаси ва Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ўқувчи ёшлар иштирокида учрашув ташкил этилди.
Тадбир доирасида " Беш ташаббус беш имконият" шиори остида ёшлар билан шахмат-шашка, расм чизиш ва бахшичилик йўналиши бўйича мусобақа ташкил этилди.
Тадбирда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан қўл жанги намойиши, санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилиб, якунда мусобақа ғолибларига совғалар улашилди.
Бундан ташқари, Андижон ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси ёшлар итифоқининг Андижон вилоят кенгаши, Олтинкўл туман мудофаа ишлари бўлими ва Олтинкўл туман халқ таълим бўлими билан ҳамкорликда, “Прокурор ва ёшлар” шиори остида Олтинкўл туманида жойлашган 2 ва 20-сонли умумтаълим мактабларида ўқувчи ёшлар иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирда ўқувчи ёшларга мактаб кутубхоналарида яратилган шарт-шароитлар, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, билим ва кўникмаларини юксалтириш, уларга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароитлардан мақсадли фойдаланиш, ёшлар ўртасида ватанни севиш ва асраш, ёт ғояларга қарши кураша оладиган ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш ҳамда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тушунчалар берилди.