February 6, 2020

Аскар тавсиянома олса қандай имтиёзларга эга бўлади?

Қуролли Кучлар ҳар қандай мамлакат сиёсий ҳокимиятининг муҳим тармоғи саналади. Моҳиятан ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш ва давлат хавфсизлигини таъминлаш ниятида ташкил этилади. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳам халқаро миқёсда катта нуфузга эга тузилмалар сирасига киради. У асосан Ватанимиз манфаатларини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, эл-юрт осойишталигини муҳофазалаш, урушлару қуролли можароларни қайтариш ва олдини олиш учун хизмат қилади. Шу боис армия сафида бўлиш нафақат шарафли бурч, балки фахр-ифтихор рамзи сифатида ҳам улуғланади.

Кейинги йилларда миллий армиямиз моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш, қўшинларимиз сафини малакали кадрлар билан тўлдириш борасида диққатга молик ишларга қўл урилди. Аввало, бу хизматга замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган, жисмонан соғлом-бақувват, интеллектуал салоҳияти юқори, масъулиятни теран ҳис этувчи ёшлар чақириладиган бўлди. Иккинчидан, ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга жиддий эътибор қаратилиб, қатор чоралар кўрилди.

Хусусан, яқинда «Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Унга кўра, тавсияномалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга берилади.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, гуруҳ (бўлинма) командирлари томонидан ўқув йили дастури асосида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари натижалари бўйича рейтинг кўрсаткичлари юритилади. Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳар ой жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари бўйича ўқув фанларидан қўйилган баҳоларининг рейтинг кўрсаткичлари асосида ҳисоблаш орқали амалга оширилади.

Ўқув фанларидан қўйилган баҳоларнинг ўртача кўрсаткичи уларнинг ўқув фанлари бўйича юритиладиган журналларда акс эттирлади ва йил давомида ҳисоблаб борилади. Мана шу баҳолар уларнинг ўртача кўрсаткичини ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлади. Якунда тест синовлари ўтказилишидан олдин ҳарбий қисм шахсий таркиби рўйхатига киритилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг 40 фоизига қўшимча балл берилади. Мана шу баллар якунда ўтказилган тест синовларида олинган балларга қўшилади ва якуний кўрсаткич чиқарилади. Белгиланган лимитга кўра, энг юқори балл олган ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар берилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга ҳарбий қисмлар қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар. Шунингдек, абитуриентларни республиканинг олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида қабул кўрсаткичлари ажратилади ва улар ушбу кўрсаткичлар доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга бўладилар.