September 16, 2019

Бухорода “Street law” (кўча ҳуқуқи – оддий ҳуқуқ) бўйича тадбир

13.09.2019 й. куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.01.2019 йилдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Бухоро вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда 28003 ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчилари, яъни ёш ҳарбий хизматчилар билан ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Ушбу тадбир “Street law” (кўча ҳуқуқи – оддий ҳуқуқ) асосида ташкил қилиниб, Бухоро юридик коллежи ва нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат кўнгиллилар (волонтер) гуруҳи ҳарбий қисмга ташриф буюриб, муддатли ҳарбий хизматчиларга мамлакатимизда ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳамда оддий ҳуқуқ нормалари ҳақида тушунчалар беришди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган мавзуларда, шунингдек, жамиятда қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатларининг мазмун- моҳияти ҳақида маърузалар қилинди.

Тадбир давомида ёш аскарларга оддий ҳуқуқ ҳақида маълумот берувчи буклет ва флаерлар тарқатилди.

Шунингдек, ёш аскарларга қонунчиликка оид берилган саволларга иштирокчилар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.