“14 январь Ватан ҳимоячилари куни”
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига биноан мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланган.
Бу бежиз эмас, албатта. Сизу бизнинг бугунгидек тинч, хотиржам хаётимиз Қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда химоя килинмоқдаки, мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ватан ҳимоячиларини ҳар канча эъзозласак, кўкка кўтарсак, арзийди.
Бугун кенг жамоатчилик Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт посбонларига кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган имтиёзлардан яхши хабардор. Пр��зидентимиз Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.М.Мирзиёев томонидан белгилаб берган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўтган қисқа вақт ичида соҳада изчил ишлар амалга оширилди ва аниқ натижаларга эришилди.Энг биринчи навбатда ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшинларимиз билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор вазифа эканлиги ҳақидаги принциплар асосида Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди. Қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, «Миллий армиямиз – бизнинг ғуруримиз, фахримиз» тамойили асосида мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатининг жамоатчиликка етказилиши йўлга қўйилди.
Амалга оширилган энг катта янгилик ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ишининг йўлга қўйилгани бўлди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз бўйлаб қилаётган сафари давомида бевосита вилоятлардаги ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишяпти. Бу йўналишда берилган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш асносида ҳарбий қисмлардаги шарт-шароитларни кўздан кечиряпти, ҳарбий хизматчиларнинг машғулотларини кузатиб, аскар ва офицерлар билан мулоқот қиляпти.
Ҳақиқатан ҳам бугун ҳарбий қисмлардаги шарт-шароит ва имкониятлар мақташга, эътироф этишга арзигулик. Бундан ҳарбий хизматчилар ҳам мамнун. Бу мамнуният уларнинг Ватан учун қилаётган фидойи хизматлари ва садоқатида акс этяпти. Қуролли Кучларимиз сафида шундай содиқ ўғлонларнинг борлиги эса тинч ва осуда ҳаётга, буюк келажакка бўлган ишончимизни мустаҳкамлаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси жамоаси барча ватан ҳимоячиларини ва фуқароларимизни ушбу муборак байрам билан табриклаб, уларга оилавий тинчлик-хотиржамлик, соғлик-саломатлик тилаб қоламиз. Ҳаётингиз доимо шараф ва зафарларга тўлиқ бўлсин. Ватанимиз осмони доимо мусаффо бўлиши учун ҳар доимгидек ўз куч-ғайратингизни аяманг!