Ватанпарварлик - миллий юксалиш кафолати!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.
Шунга асосан, 2019 йил 15 декабрдан 2020 йил 15 январга қадар юртимиз бўйлаб “Ватанпарварлик-миллий юксалиш кафолати!” шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Президент фармойиши билан тасдиқланган тадбирлар дастури 5 та бўлим, 67 та банддан иборат бўлиб, ташкилий, ахборот-ташвиқот йўналишидаги, аҳоли ўртасида олиб бориладиган ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий тадбирлар, тарғибот-тушунтириш ишлари, маданий-маърифий ва спорт йўналишидаги ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган тадбирларни ўз ичига қамраб олади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ҳамда ҳудудий ҳарбий прокуратуралар томонидан мазкур Фармойиш билан тасдиқланган Дастурнинг ҳар бир банди аниқ бажарилишини назорат қилиш билан бир қаторда, ушбу тадбирларда бевосита қатнашиб келинмоқда.
Жумладан, Андижон ҳарбий прокуратураси томонидан Андижон гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда тадбир ташкил этилиб, унда иштирокчиларга ҳарбий хизматчилар дала шароитидаги яшаш тарзи, хизмат олиб боришни ўзига хос-хусусиятлари, зарур ҳарбий кийим бош ва озиқ-овқат меъёрлари билан таъминланиши ҳақида таништирилди.
Тадбирда Андижон вилоят прокурори Ғ.С.Фозилов, Андижон ҳарбий прокурори Д.Ҳамроев, вилоят прокуратураси, Жалақудуқ туман ҳокимияти ходимлари ва ҳарбий қисм қўмондонлиги иштирок этди.
Тадбир давомида уюшмаган ёшлар учун ҳарбий техника ва қурол-яроқлар, шунингдек дала шароитида овқатланиш ва ётоқ жойи кўргазмали намойиши ташкил этилиб, улар ҳақида тўлиқ тушунчалар берилди.
Термиз ҳарбий прокуратураси, Жанубий операцион йўналиш бошқаруви ҳамда вилояти ҳокимлиги томонидан Термиз гарнизони, вилоят мудофаа ишлари, халқ таълими, маданият ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида «Мардлар қўриқлайди Ватанни!» шиори остидаги ноанъанавий ватанпарварлик фестивали Термиз шахрида ёшларни бир жойга жамлади.
Навоий ҳарбий прокуратураси томонидан Навоий давлат педагогига институтининг талаба ва ўқитувчилари билан “Миллий армиям байрами менинг байрамим” шиори остида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбир давомида миллий армиямиз сафларида ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи ва Ватан тақдири, юрт тинчлиги ва ҳимояси йўлида бор салоҳияти билан масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир шижоатли ёшларни бирлаштириш, Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тадбир иштирокчиларига тушунчалар беришди.
Чирчиқ ҳарбий прокуратураси томонидан дастур ижроси юзасидан Чирчиқ шаҳридаги 22-умумтаълим мактабида "Отам, онам ва мен - спортчи оила" шиори остида спорт мусобақаси ташкил этилди.
Тадбир якунига кўра қатнашчилар муносиб рағбатлантирилди.
Фарғона ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан, Фарғона "Темурбеклар мактаби" ҳарбий академик лицейи ўқувчи ва ўқитувчилари иштирокида дастур ижросини таъминлаш мақсадида тадбир ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Қуролли кучларини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлар ва ватанга хизмат ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги тушунтириб ўтилди.