November 4, 2019

Нукусда “Сайлов қонунчилиги: янгиликлар, қонунчилик мазмун-моҳияти” мавзусида тадбир ўтказилди.

Нукус ҳарбий прокуратурасининг ташаббуси билан Нукус гарнизони маънавият ва маърифат марказида Шимолий-Ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда округ қўшинлари қўмондони полковник Д.С.Чориев, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис Сенати аъзоси Тошкент педиатрия институти Нукус филиали ректори профессор О.А.Атаниязова, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Каҳрамони, археолог Ғ.Хожаниязов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Г.А.Аннақиличева ва Қорақалпоқ Давлат университети ҳуқуқшунослик факультети миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси мудираси А.К.Байрыевалар иштирокида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан “Сайлов қонунчилиги: янгиликлар, қонунчилик мазмун-моҳияти” мавзусида учрашув ва қонунчилик тарғиботи тадбири ўтказилди.

Тадбирда раислик этувчи Нукус ҳарбий прокурори адлия полковниги Б.К.Худойбердиев сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бири бу — эркин, очиқ сайлов тизимининг мавжудлиги, сайловлар орқали фуқаролар бевосита давлат ва жамият бошқарувида иштирок этиши, шу боис, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи фуқаронинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқлари сирасига кириши, мамлакатимиз тарихида илк бор сайлов билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрларни ўз ичига қамраб олган яхлит қонун ҳужжати – Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси қабул қилинганини айтиб, Сайлов кодекси мазмун-моҳияти, қонунчилик талаблари, сайловчилар ҳуқуқлари тўғрисида тушунтириш берди.

Бўлиб ўтган тадбирда сенаторлар Ғ.Хожаниязов, Г.А.Аннақиличева, О.А.Атаниязова ва Қорақалпоқ Давлат университети ҳуқуқшунослик факультети миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси бошлиғи А.К.Байрыевалар томонидан янги қабул қилинган Сайлов кодекси, сайловда овоз бериш тартиби, мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти учун сайлов ўтказишнинг аҳамияти тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбирни кенг жамоатчилик эътиборига етказиш мақсадида, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам иштирок этишди.