February 14, 2020

ЯМАНДАН ТОПИЛГАН “ТУЗУКЛАР”

Бугун бизгача етиб келган хилма-хил қўлёзмалар ҳажми, таркиби, услуби нуқтаи назаридан бир-биридан фарқланади. Қўлёзмаларнинг энг қадимгиси XVII асрга мансуб бўлиб, у Бобурийлар ҳукмронлиги даврида, Ҳиндистонда кўчирилган. Китоб муқаддимасида битилишича, Аграда Бобурийлар саройида хизмат қилган шоир ва таржимон Абу Толиб ал-Ҳусайний ал-Оризий ат-Турбатий Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини бажариб, ортга қайтаётганида, Яман ҳукмдори Жаъфар пошонинг кутубхонасида туркий тилда битилган бир ноёб қўлёзмага дуч келади. Таржимоннинг ёзишича, бу асар Соҳибқирон Амир Темурнинг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган даврида бошидан кечирган саргузаштлари, давлат бошқаруви усуллари, вазир ва амирлари, фарзандларига ҳукмронлик борасида берган маслаҳатлари ва йўл-йўриқлари ўрин олган. 

Ат-Турбатий бу бебаҳо қўлёзмани ўзи билан олиб келган ва уни секин-асталик билан форсий тилга таржима қила бошлаган. 1637 йилда асар таржимасини тўла-тўкис битказиб, уни Бобурийзода ҳукмдор Шоҳ Жаҳонга (1628-1659) туҳфа этган.

 Шоҳ Жаҳон асар билан танишиб чиққач, ундаги воқеаларни Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарномаси” билан таққослаб чиқишни Декан музофоти фавждори Муҳаммад Афзал Бухорийга топшириб, хаттот ва муаррихлар ўзларидан қўшган ортиқча тафсилотларни ўчириб ташлашни буюради. 

 Мазкур асарнинг шу пайтгача етиб келган барча қўлёзма ва тошбосма нусхалари учун айнан Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатийнинг таржимаси асос бўлиб хизмат қилган.