РАСМИЙ БАЁНОТ

Мамлакатимизда санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари бузилишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 16 март куни Бош прокуратурада Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида Штаб, вилоят ва унга тенглаштирилган прокуратураларда вилоят прокурорлари раҳбарлигида ҳудудий штаблар, туман - шаҳар прокуратураларида туман прокурорлари раҳбарлигида ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди.

Штаблар ва ишчи гуруҳлар фаолиятига соғлиқни сақлаш, санитария - эпидемиологик осойишталик, санитария - эпидемиология назорати, солиқ, ички ишлар органлари вакиллари жалб этилди.

Штаблар ва ҳудудий ишчи гуруҳларга санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши курашиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, аҳоли орасида асоссиз ваҳима ва хавотирлар келиб чиқишига йўл қўймаслик ҳамда озиқ - овқат, дори - дармон маҳсулотлари ва тиббий буюмлар нарх - навоси барқарорлигини таъминлаш, қонун бузилишига йўл қўйган шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш бўйича вазифалар юклатилиб, ижроси ташкил этилди.