Ҳарбий қисмда сайёр қабул ташкил қилинди...
Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ва Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» шиори остида сайёр қабул ташкил қилинди. Сайёр қабул аввалида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг ўринбосари адлия подполковниги Давлатёр Раҳмонов ва Тошкент ҳарбий прокурори адлия полковниги Фахриддин Бегашев мамлакатимизда халқ билан мулоқот, хусусан, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ҳарбий пенсионерлар билан бевосита учрашиб, сайёр қабуллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Тадбирда Республика ҳамда Тошкент ҳарбий прокуратураси ходимлари, Мудофаа вазирлигининг соҳа бўйича мутахассислари, Тошкент шаҳри ва вилояти бандлик, соғлиқни сақлаш, ИИББ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, мактабгача таълим, халқ таълими бошқармалари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги, Марказий банк, Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳри ва вилояти бошқармаларининг малакали мутахассислари фуқароларнинг юзга яқин мурожаатларини тинглади.
Шунингдек, оммавий сайёр қабулда Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ҳарбий пенсионерлар, Қуролли Кучлар хизматчилари ўз ечимини кутаётган муаммолари бўйича мутахассисларга мурожаат этиб, масъул ходимлардан тегишли жавоб ва юридик маслаҳат олдилар.